Уйғоқликка чорлов

09:17 30 Сентябр 2025 Сиёсат
138 0

Мақола бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган мафкуравий сиёсатнинг туб моҳияти ҳамда аҳамиятини очиб беришга хизмат қилиши билан кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.

У ҳар бир қалби қайноқ, руҳан уйғоқ, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаётган инсоннинг ватанпарварлик, халқсеварлик туйғуларини жунбишга келтирадиган даражада ёзилган, десак, муболаға эмас. Унда янгиланаётган Ўзбекистонда учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, илм-фан, маърифат, маънавиятни ривожлантириш, одамларни маънан уйғотиш, жипслаштириш, дунёга янги нигоҳ билан қарашга даъват этиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга урғу берилган. Буларнинг барчаси шодон қувонишга, юксак эътироф этишга сазовор, айни пайтда тарихий ишлар экани таъкидланган.

Шу ўринда ҳар бир ўқувчида “Хўш, унда муаллифнинг “Аламим бор...” дея маломат қилишининг боиси надир?” деган савол туғилиши табиий.

Мақолани мутолаа қилган газетхон ушбу саволга ҳам, албатта, жавоб топади. Яъни бу алам собиқ иттифоқ даврида мустамлакачилик сиёсатининг таъсирида миллатимиз тарихий хотирасидан узоқлаштирилгани, миллий ўзликни унутишга мажбур қилингани, маънавий мажруҳга айлантирилгани, ғурури топталганидан туғилган.

Бу алам истибдод кишанлари парчаланса-да, мустақилликнинг дастлабки чорак асрида ҳам халқимиз унинг асоратларидан қутула олмагани, ўзига келмагани, буюк ўтмишини тўла англай олмагани, замонавий дунё саҳнидаги маданий ва тарихий ўрнимиз қумга сингган сувдай “йўқолиб” қолганидан пайдо бўлган. Мудроқ кайфиятдан фориғ бўлганлар ҳам бу борада ҳеч бир иш қила олмагани, мум тишлаб яшашга мажбур бўлганидан қўр олган.

Бу алам “ўзбек”, “Ўзбекистон” сўзлари ҳақиқий мазмунидан чекиниб, дунё харитасида қайсидир маконни топишда мурожаат қилинадиган жуғрофий нуқта даражасига тушганидан қалбга чўккан...

Шукрки, миллатимиз қалбидаги бу алам кейинги йилларда худди тумандек тарқамоқда. Унинг ўрнини шукроналик, шодлик, буюк ўтмиш ва улуғ аждодлар меросини билиш ҳамда англашдан туйилган ғурур-ифтихор, уларга муносиб бўлишга интилиш, эртанги кунга мустаҳкам ишонч туйғулари эгалламоқда.

Руҳиятимиз ҳам, дунёқарашимиз ҳам баҳор ёмғиридан кейин булутлар орасидан кўринган ложувард осмон каби тиниқлашиб боряпти. Суратимиз ҳам, сийратимиз ҳам тобора чирой очяпти. Ўзбек ўз аслига қайтяпти.

Миллий ғурур ва миллий ғоя... Халқни бир мақсад йўлида жипслаштирувчи беқиёс куч. Бу куч миллатни бир муштга дўндиради, халқни енгилмас халққа, давлатни қудратли давлатга айлантиради.

Ўзбекистонда тараққиётнинг янги даврида ҳаётни янгилаш билан бирга, одамларнинг тафаккурини ўзгартириш, ватанпарварлик ҳисларини кучайтириш, жамиятда соғлом муҳит яратишда ана шу буюк тарих ва улуғ аждодлар меросига ворисийлик туйғусига таянилмоқдаки, бунинг самарасини бугун барча жабҳада эришаётган ютуқларимиз намоён этиб турибди.

Кеча ва бугун уйғунлиги

Атоқли немис файласуфи Фридрих Нитше “Қайси миллат фақат ўз ўтмиши билан фахрланадиган бўлса, демак, у миллат қариб қолибди ва у тез орада ҳалокатга маҳкумдир”, деб ёзади.

Дарҳақиқат, тарихдан фақат фахрланиш, ҳаволаниш учун фойдалансак, у ўз қийматини йўқотиб қўйган бўларди. У берган куч, аввало, бизни янги марраларга руҳлантирмоқда.

Бу йўлда олиб борилаётган беқиёс ишлардан бири, шубҳасиз, Президентимиз ғояси ва ташаббуси билан пойтахтимизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг муҳташам биноси бунёд этилаётганидир.

Ушбу марказ — мозий ва бугун уйғунлашган муаззам мажмуа! Марказ фаолиятининг асосий мақсади эътиқоди ислом дини билан боғлиқ бой ва ноёб меросни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ҳамда мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, улар билан халқимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдан иборат.

Бу ерда юртимиздан етишиб чиққан буюк ислом уламолари, жаҳон маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккирлар, рассом ва хаттотларга оид бой маълумотлар жамланмоқда. Ушбу мажмуа ўзида нодир экспонатларга бой Ислом санъати музейи, кутубхона ва қўлёзмалар фондини мужассам этади. Буюк аждодларимиз томонидан асос солинган илмий, диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма, тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осориатиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий тадқиқот ишлари, видео-фото ҳужжатлар билан бойитилади. Шу билан бирга, бу ерда кенг кўламли илмий тадқиқот ишлари ҳам олиб борилади.

Шу ўринда мазкур марказ фақат диний билимлар билан шуғулланади, деган фикр бироз янглиш эканини таъкидламоқчиман. Бу марказ ўз имкониятлари, замонавий шарт-шароитлари, олдига қўйган мақсад ва вазифалари билан барча гуманитар фанлар ривожи учун том маънода илм-фан ўчоғига айланади.

Орзу-умидларимиз рўёби

Қурилиши якунланиш арафасида бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси гўзаллиги, маҳобати, беқиёс меъморий ечимлари билан ақлни шоширади, тамоман ўзига мафтун этади.

Бу муҳташам кошона — янги Ўзбекистоннинг улкан бунёдкорлик салоҳиятининг яққол ифодаси. Уни кўздан кечирар экансиз, дафъатан, буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг “Бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг”, деган даъвати ёдга тушади.

Эътиборлиси, марказнинг салобати у жойлашган бинонинг маҳобатидагина эмас, биринчи навбатда, илмий салоҳиятида, амалга ошираётган бетимсол ишларида!

Президентимиз таъкидлаганидек, халқимизнинг бой ва бетакрор меросига оид кўп китоблар, турли ўлкаларга сочилиб кетган қўлёзмалар, ноёб маълумотлар, санъат асарлари, афсуски, бизга номаълум эди. Мана шу марказ сабаб бўлиб тарихни ўрганишда катта қадамлар қўйдик, янги манбалар юзага чиқди. Энди буларнинг таъсири, натижаси қандай бўлади? Уларни фақат ёдгорлик сифатида сақламасдан, фаол илмий истеъмолга киритиш, аҳолимиз, ёшларимизга тушунарли тилда етказиш, жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш керак. Бу даргоҳ нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази бўлиши зарур.

Бугунги кунда марказ томонидан маҳаллий ва чет эллик мутахассислар кенг жалб этилган ҳолда илмий тадқиқот ишлари йўлга қўйилиб, натижаларидан кенг жамоатчилик хабардор қилиб бориляпти. Жаҳон аҳлини бир мақсад — жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлайдиган турли анжуманлар, маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Марказ таркибидаги кутубхона ва архив, қўлёзмалар фондлари Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ҳамда мутафаккирлар, азиз-авлиёлар, улар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ҳамда тошбосма китоблар, тарихий ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фотоҳужжатлар ҳисобидан шакллантирилмоқда.

Бу ерда олиб борилаётган илмий ишлар бугуннинг энг долзарб муаммоларидан бири — жаҳонинг турли бурчакларида ислом дини билан ноҳақ боғланадиган қарашлар, ҳар хил англашилмовчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Муқаддас динимизнинг одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этиши, унинг асл, гуманистик мазмуни очиб берилмоқда.

Муҳташам музейда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, маданияти, давлатчилик анъаналари, халқимизнинг турмуш тарзи ва дунёқараши ислом цивилизацияси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда шаклланиб, ривожлангани ноёб экспонатлар орқали акс эттириляпти. Улар асосида қомуслар, каталог ва альбомлар яратилмоқда, телекўрсатувлар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар ҳамда бошқа материаллар тайёрланаётир.

Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси — қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам ўрин олади. Сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китобимиз нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилади.

Бу ишлардан кўзланган мақсад битта — мамлакатимизда аждодларимиз қўлга киритган юксак марраларга таяниб, руҳ ва куч олиб, янгича тафаккур асосида янги ҳаёт, янги жамият, янги цивилизацияни барпо этиш, Ўзбекистоннинг бугунги жаҳон тараққиётида азалий ўрнини тиклаш.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази замонавий қараш, мустақил фикр ва ҳаётий позицияга эга, илмсевар, меҳнаткаш, ватанпарвар — чин маънода янги цивилизация бунёдкорларини камол топтиришга хизмат қилса, ишончимиз комилки, учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу ният, орзу-умидларимиз тез орада рўёбга чиқади.

Илмсиз яшаб бўлмас

Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов ўз мақоласида “Нима учун бу ишларни илгарироқ қилмадик, кимдан, нимадан қўрқдик?!” деган саволни ўртага ташлагани бежиз эмас.

Унга жавоб бериш учун узоқдан-узоқ мулоҳазаларга, мушоҳадаларга берилиш мумкин. Лекин, гапнинг индаллосини айтганда, бундай саркашлик, боқибеғамлик, сустлик, бефарқлик, андишасизлик ўтган даврдаги шарт-шароитлар, мавжуд муҳит билан бирга, инсоннинг шахси, маънавий-маърифий даражаси билан боғлиқлиги аён.

Шукрки, бугун янги авлод тарбияланмоқда. Эзгу мақсадларимиз йўлида мамлакатимизда таълим-тарбия тизими бутунлай юқори босқичга кўтарилди. Боғча таълим тизими йўқдан бор қилиниб, фарзандларимиз махсус дастурлар асосида мактабга тайёрланмоқда.

Президент ва ихтисослаштирилган мактаблар, атоқли зиёлиларимиз номидаги ижод мактабларининг очилгани таълим тизимидаги муҳитни бутунлай ўзгартириб юборди. Мамлакатимизда замонавий олий ўқув юртлари, хорижнинг нуфузли университетлари, институтлари филиаллари ташкил этилаётгани ҳаётимизга, турли соҳалар ҳамда халқ хўжалигининг барча тармоқларига янги авлод кадрларининг кириб келишига замин яратмоқда.

Зотан, улуғ жадид бобомиз айтганидек, “Ушбу тамаддун асрида илмсиз қуруқ таассуб ила ҳам яшаб бўлмас. Чунки замонамиз шундай зўрки, озгина фурсатда чурук таассуботимизни асосидан қўпаруб ташлайдур. Шунинг учун замонанинг муҳлик асбобиға қаршу муқовамат этадургон бир нарса бор бўлса, ул-да маорифдур”.

Шу маънода, бугун таълим тизимида ижтимоий-гуманитар фанларни янада чуқурлаштириб ўқитиш долзарблик касб этмоқдаки, бу нафақат соҳанинг етук мутахассисларини тарбиялаш, балки биз урғу қаратаётган мақолада илгари сурилган ўзликка қайтиш, миллий ғурурни уйғотиш, эл-юрт тақдирига дахлдорлик, фидойилик туйғуларини кучайтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Бинобарин, ҳозирги глобаллашган асрда, онгу қалб учун кураш ҳар лаҳзада авжга чиқаётган қийин бир паллада мамлакатни тараққий эттиришнинг ҳам, ғоявий таҳдидлар, мафкуравий бўронлар ичра миллат ва халқ сифатида яшаб қолишнинг ҳам асосий омили инсонларда маънавий иммунитет ҳосил қилишдир.

Президентимиз томонидан юртимизнинг шонли ўтмишига мос ва хос бўлган жозибали илмий-маънавий муҳитни яратиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар бу йўлда чинакам таянч ва суянч бўлиши, шубҳасиз.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

олий таълим, фан ва инновациялар вазири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?