Уй деворлари орасидаги шукроналик
Сурхон воҳасининг олис бир қишлоғида истиқомат қиламан. Икки нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим иккинчи гуруҳ ногирони. Оиламиз учун ҳаёт осон кечмади.
Ўз уйимиз йўқ эди. Ота уйимда яшаб келдик. Тор ҳовли, тор хоналар, болаларимнинг шовқинига қўшилиб юрагимдаги изтироб ҳам тор жойга сиғмасди. Эрталаб болаларим мактабга кетаркан, “Она, қачон бизнинг ҳам ўз уйимиз бўлади?” деган саволни бермасликка ҳаракат қилишарди. Лекин уларнинг кўзларидаги умидни кўриб, ич-ичимдан эзилардим.
Турмуш ўртоғимнинг соғлиги туфайли доимий ишда бўлиши қийин. Мен эса қўлимдан келганча рўзғорни юритишга, болаларимни кам-кўстсиз катта қилишга интилдим. Шу шароитда маҳалла еттилиги томонидан оиламиз камбағал оилалар реестрига киритилди. Бу мен учун шунчаки рўйхат эмас, балки катта умид эди.
Янги Ўзбекистонда “инсон қадри учун” деган сўзлар қоғозда қолмаётганини ўз ҳаётимда ҳис қилдим. Маҳалладаги масъуллар ҳолимизни ўрганиб, муаммоларимизни эшитди. Орадан кўп ўтмай, ҳомийлар кўмаги билан оиламиз учун 3 хоналик, барча замонавий шароитларга эга уй қуриб берилди. Илк бор янги уйимизга кириб келганимизда, болаларимнинг қувончдан кулганини ҳеч қачон унутмайман. Улар деворларга қўлларини теккизиб, “Она, бу ростдан ҳам бизнинг уйимизми?” деб сўрашди. Шу пайтда кўзимга ёш келди. Бу ёш аламмас, шукроналик ёши...
Янги уй нафақат бошпана, балки янги ҳаёт эшиги бўлди. Турмуш ўртоғимнинг ҳам руҳияти кўтарилди, болаларимнинг келажакка ишончи ортди. Мен эса ўзимни жамиятга керакли инсон сифатида ҳис қила бошладим. Бугун шуни айта оламанки: давлатнинг инсонпарвар сиёсати қаердадир узоқда эмас, у бизнинг маҳалламизда, уйимизда, болаларимнинг қувончида намоён бўляпти. Агар инсонга ишонч берилса, унга суянч бўлса, у албатта, эртага ишонч билан қарайди.
Янги Ўзбекистонни ана шундай — оддий инсон тақдирида намоён бўлаётган ғамхўрлик ва адолат сифатида кўраман. Давлат томонидан берилган эътибор ва ишонч бизнинг оиламиз учун фақат уй эмас, балки катта масъулият ҳам бўлди. Шу уй деворлари орасида биз энди шунчаки яшаб қолмаяпмиз, балки келажакка ишонч ва умид билан қадам қўйяпмиз.
Президентимиз олиб бораётган инсонпарвар сиёсатга жавобан она сифатида фарзандларимни Ватанга содиқ, халққа фойда келтирадиган, меҳнатсевар ва ҳалол инсонлар қилиб тарбиялашни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Ишонаманки, бу уйда улғайган болаларим эртага Янги Ўзбекистон равнақига ўз ҳиссасини қўшадиган баркамол инсон бўлиб улғаяди.
Барно АЛИЕВ,
Узун тумани “Кичик жончекка” маҳалласи фуқароси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг