Уч томонлама саммит: ҳаётий ташаббус ва истиқболлар

Доимий ўзгариб бораётган дунёнинг мураккаб шароитида давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ишончга асосланган барқарор ҳамкорликни сақлаб қолиш халқаро муносабатларда кам учрайдиган ҳодисадир.
Ҳозирда Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари давлатлараро алоқалар ривожига янгича қарашни намойиш этмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан 2017 йилда бошланган яхши қўшничилик ва ишончга асосланган жараёнлар нафақат Марказий Осиё минтақаси доирасида ривожланиш, балки Жанубий Кавказ билан минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имконият ва истиқболларни очмоқда.
Туркманистоннинг “Аваза” миллий туристик зонасида ўтган Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг уч томонлама учрашуви дўстлик, ишонч дахлсизлиги ва катта марралар сари қўшма қадамларнинг тасдиғидир. Марказий Осиё бугун янги иқтисодий имкониятлар остонасида турибди.
Шу ўринда Ўзбекистон — Туркманистон муносабатлари ривожланишининг барқарор динамикасини, давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли муносабатларни қайд этиш лозим. Шунингдек, Ўзбекистон ташаббусига кўра Жанубий Кавказ минтақаси билан янги истиқболлар очилмоқда. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама ришталар вақт синовидан ўтди ва 2024 йилда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши ўзаро ҳамжиҳатлик тарихида янги саҳифаларни очди.
Уч давлатнинг қулай географик жойлашуви, улар ўртасидаги вақт синовидан ўтган муносабатлар Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг уч томонлама учрашуви кун тартибини белгилаб берди. Бу, биринчи навбатда, уч давлатнинг транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, шунингдек, Хитойни Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа билан боғлайдиган барқарор ва самарали трансминтақавий йўналишни шакллантириш заруратидир.
Гап Трансафғон йўли ва Ўрта йўлак, жумладан, Зангезур йўлаги ҳақида кетмоқда. Айни чоғда гап фақат йўлаклар ҳақида ҳам эмас. Ўзбекистон етакчиси томонидан юкларни ташиш бўйича тарифларни ўзаро пасайтириш ва уч мамлакатнинг транзит салоҳиятини рўёбга чиқаришга яхлит ёндашув бўйича илгари сурилган ташаббуслар логистика инфратузилмасини ривожлантиришга салоҳиятли донор-халқаро ташкилотларни жалб қилиш имконини беради. “Аваза” миллий туристик зонасида бўлиб ўтган “Ўзбекистон — Туркманистон — Озарбайжон” форматидаги биринчи уч томонлама саммитда савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва гуманитар соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Бу саммитдан илгари, август ойининг бошида денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатларга бағишланган БМТнинг III конференцияси майдонида Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон янги минтақавий альянснинг туғилишини эълон қилди. Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус 22-23 август кунлари ўз ривожини топди — Озарбайжон ва Ўзбекистон раҳбарлари яна Туркманистонга ташриф буюрди. Ушбу учрашувнинг мақсади алоқа ва ҳамкорлик истиқболларини кенг кўламли йўналишларда батафсил муҳокама қилиш эди.
Транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш зарурати нимада?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор аниқ таклифларни билдирди. Уч давлатнинг катта транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш муҳимлиги айтилди. Шунингдек, товар айирбошлаш ва саноат кооперацияси кўламини тубдан ошириш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Туркманистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ошди. Бунда саноат товарларининг улуши 40 фоизга етди. Барқарор савдо ва логистика тармоқларини ривожлантириш, улгуржи тарқатиш марказларини яратиш ва йирик чакана савдо тармоқларига кириш, фитосанитария ва карантин талабларини бирлаштириш, маҳсулотларни рақамли маркалашни жорий этиш, қўшма электрон платформаларни ишга тушириш ва биржа кооперациясини кенгайтиришни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар режасини биргаликда тайёрлаш таклиф қилинди.
Ўзбекистон етакчисининг деярли барча хорижий ташрифларининг асосий кун тартиби доимо иқтисодий масалалар, яъни савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, ўзаро илмий-техникавий ва туристик алмашинувларни йўлга қўйишни ўз ичига олади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Транспорт-коммуникация, энергетика, денгиз коммуникациялари ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш учун юқори салоҳият мавжуд, буни Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида алоҳида таъкидлади.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида конструктив ташқи сиёсат олиб борилмоқда. Кўп жиҳатдан Ўзбекистон етакчисининг саъй-ҳаракатлари, кучли сиёсий иродаси туфайли Марказий Осиёда ишонч инқирози енгиб ўтилди ва мустаҳкамланиш жараёни бошланди. Минтақа хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва янги имкониятлар ҳудудига айланди.
Ўзбекистон, аслида, Марказий Осиёда кўплаб интеграция жараёнларининг ташаббускори ҳисобланади. Республиканинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда транспорт-логистика тизимини ривожлантириш иқтисодий сиёсатнинг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон томони “Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой”, Трансафғон транспорт йўлаги, “Шимол — Жануб”, “Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон” ва бошқа қатор йирик транспорт лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этмоқда. Айни пайтда Тошкент Туркманистон ва Озарбайжон орқали Европага янги транспорт йўналишини очмоқда. Ўзбекистон Президентининг Авазада бўлиб ўтган уч томонлама саммитда қатнашиши қитъа транспорт тизимини такомиллаштиришга хизмат қилувчи мазкур лойиҳанинг амалий ижроси бошланганидан далолат беради. Ушбу транспорт коридори Хитой, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европани боғлаш учун мўлжалланган.
Интеграция босқичларининг асосий қисми
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Туркманистон ва Озарбайжон билан жуда ишончли муносабатлар ўрнатди. Боку ва Ашхобод Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорлари ҳисобланади. Шу муносабат билан Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон раҳбарлари ўртасида Авазада эришилган келишувлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида шерикликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон раҳбарларининг Ашхободдаги уч томонлама учрашуви бир неча муҳим сабабларга кўра ўтказилди.
Биринчидан, уч мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни кучайтириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш.
Иккинчидан, транспорт йўлакларини ривожлантириш. “Шарқ — Ғарб” транспорт йўлаги каби минтақавий транспорт лойиҳаларини ривожлантириш ва бу орқали Европа ҳамда Осиё ўртасидаги савдони осонлаштириш. Бу йўлакнинг муҳим қисми уч мамлакат ҳудудидан ўтади.
Учинчидан, энергетика соҳасида ҳамкорлик. Туркманистоннинг газ захираларини Озарбайжон орқали Европага етказиб бериш имкониятларини муҳокама қилиш. Бу Европанинг энергия хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Тўртинчидан, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш. Савдо-сотиқ ҳажмини ошириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш.
Бешинчидан, минтақавий хавфсизликни таъминлаш. Терроризм, экстремизм ва наркотрафикка қарши биргаликда курашиш, чегараларни мустаҳкамлаш ва минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш.
Олтинчидан, сиёсий мулоқотни давом эттириш. Минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашиш, муштарак позицияларни ишлаб чиқиш ва халқаро ташкилотларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш.
Еттинчидан, янги ҳамкорлик форматларини яратиш. Уч томонлама шерикликнинг янги йўналишларини аниқлаш ва келгуси лойиҳаларни режалаштириш.
Умуман, бу учрашув минтақавий интеграция жараёнларининг муҳим қисми бўлиб, уч мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий манфаатларини амалга оширишга қаратилган. Учрашувда Ўрта йўлакнинг транспорт ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш, шу жумладан, Туркманбоши ва Боку портларида замонавий логистика инфратузилмасини яратиш, келишилган тариф сиёсатини юритиш, тартиб-таомилларни рақамлаштириш ва юклар назоратини таъминлаш масалалари устувор бўлди.
Шундай қилиб уч томонлама учрашув натижалари нафақат Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақаси учун янги интеграция имкониятларини очади. Бу ҳамкорлик иккала минтақада ҳам барқарорлик ва тинчликни мустаҳкамлаш учун шароит яратади, минтақавий иқтисодиётларнинг глобал бозорларга чиқишини осонлаштиради, шунингдек, Евроосиё маконида барқарор ривожланишни таъминлайди.
Имзоланган ҳужжатлар сиёсий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга, жумладан, мамлакатларнинг халқаро ташкилотлар, энг аввало, БМТ доирасидаги ташаббусларини биргаликда қўллаб-қувватлашга имкон беради. Бу ташаббус учала мамлакатнинг халқаро позицияларини мустаҳкамлайди. Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг биргаликдаги қадамлари минтақа мамлакатларининг бирлигини кучайтиради ва Евроосиёнинг геоиқтисодий харитасида янги ҳамкорлик форматини шакллантириш учун замин яратади.
Озарбайжон — мамлакатимизнинг Жанубий Кавказдаги стратегик ҳамкори ва қардош давлат ҳисобланади. Ўзбекистон ва Озарбайжон қадимий ва янги тарихда ҳамиша яқин ҳамкорлик олиб борган бўлиб, дўстона муносабатларни сақлаб келмоқда. Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари орасида Озарбайжоннинг алоҳида ўрни бор.
«Ўрта йўлак» лойиҳаси — амалда
Мамлакатларимиз ўртасидаги транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантиришга оид келишувлар, жумладан, “Ўрта йўлак” лойиҳаси доирасида юк ташиш ҳажми 25 фоизга ошди. Бу нафақат икки давлат, балки Хитой, Грузия ва Туркияни ҳам қамраб олган кенг минтақавий ҳамкорлик тизмасига асос солиш, демакдир.
Марказий Осиё давлатлари аввалги транспорт алоқалари ўзгариб, дунёдаги асосий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршилик кучайган шароитда ташқи бозорларга чиқишни сақлаб қолиш йўлларини изламоқда. Шундай йўллардан бири — Хитой — Марказий Осиё — Каспий денгизи — Жанубий Кавказ — Европа йўналишидаги Транскаспий йўлаги ёки Ўрта коридорни ривожлантириш.
Яна бир муҳим масала. Яқин тўрт-беш йилдан кейин Ўзбекистон ва Қозоғистон Озарбайжон орқали Европага “яшил” электр энергиясини экспорт қилишни режалаштирган. Бу нафақат иқтисодий, балки экологик хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим. Бугун дунё “яшил” иқтисодиёт сари интилаётган пайтда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг бу соҳадаги ҳамкорлиги барқарор энергетика келажагини шакллантириши мумкин.
Энг муҳими, мамлакатимиз учун уч томонлама платформада иштирок этиш Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги кўприк ролини мустаҳкамлашни англатади. Уч томонлама формат савдо-транспорт йўналишларини диверсификация қилиш, жумладан, Каспий денгизи орқали ва Европагача бўлган имкониятларни яратади. Бу йўналиш Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги фаол ишларини органик тарзда тўлдиради, шунингдек, яхлит Туркий-Каспий иқтисодий ва сиёсий маконининг шаклланишига ёрдам беради.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат курси учун стратегик аҳамиятга эга. У мамлакатнинг Евроосиё боғламларининг муҳим маркази сифатидаги қарашларини мустаҳкамлайди, Озарбайжон ва Туркманистон билан иқтисодий, энергетика ва маданий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади. Уч томонлама учрашув Каспий — Марказий Осиё ҳамкорлик йўлагига асос солди ва Ўзбекистоннинг минтақанинг шаклланаётган геосиёсий ландшафтидаги муҳим давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлади.
Садриддин ТУРОБЖОНОВ,
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат
техника университети ректори, академик.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг