“Уч ой – чавоғим”

Қорақалпоқлар азалдан тўғрисўз, оқкўнгил, журъатли халқ. Термаларда бахши, жировлар томонидан ижро этилган: “Уч ойи соғиним, уч ой қовуним, уч ой чабоғим, уч ой қабоғим...» термаси бир пайтлар Оролбўйи ноёб ва гўзал денгизлардан бири бўлганини эслатади. Софдил, оқкўнгил одамлар уч ойда чорва, яъни соғин сигир, кейинги уч ой қовун, кузга бориб балиқчилик, қишда ошқовоқ билан рўзғор тебратган. Буюк Бердақ «Денгиз балиғин бермади…» деб зорланган замонларда ҳам ҳозирги Мўйноқ Орол денгизидаги оролча бўлган. Қорақалпоғистон деганда дастлаб балиқчилик соҳаси тушунилган.
Минтақада Орол денгизининг қуриши, сувсизликнинг кучайиши натижасида “Уч ой чабоғим...” тушунчаси ҳам йўқолиб бораётгандек. Орол денгизи катталиги жиҳатидан сайёрамиздаги кўлларнинг тўртинчиси эди. Унинг қуриши дунёдаги энг йирик экологик фожиалардан бирига айланди. Оқибатда балиқчилик саноати инқирозга учради. Илгари балиқчилик билан машҳур бўлган бу ҳудудда кўплаб одамлар ишсиз қолди. Тасаввур қилинг, ўтган асрнинг 60-йилларида денгиздан йилига 35 минг тоннагача балиқ овланган. Маҳаллий аҳолининг катта қисми балиқ ва балиқ маҳсулотларини овлаш, қайта ишлаш, етказиб бериш билан шуғулланган. Афсуски, балиқчилик тараққий этган денгиз ўрнида майдони 5,5 млн. гектарга тенг бўлган чўл, янги Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Денгиз кемалари сузаётган жойида қолди. Атрофини оппоқ қумлар эгаллади. Чағалайлар ҳам бу қумлардан балиқ чиқмаслигини билиб, аллақаёқларга ғойиб бўлди. Фақат Орол соҳилларида “Уч ой чавоғим...” деган куй-қўшиқлар қолганди.
Бугунги кунда Мўйноқнинг баҳори ва кузидаги файзини ўзига қайтариш, сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштириб, балиқчилик соҳасини сақлаб қолиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қорақалпоқ табиий фанлари илмий тадқиқот институти ёш олимлар Қорақалпоғистон шароитида чавоқ ўстирувчи балиқчилик ҳовузлари, балиқларнинг озуқалари устида тадқиқотлар олиб бориб кўнгилларга таскин бермоқда.
– Балиқчилик ҳовузларида зоопланктон балиқларни табиий озуқа билан таъминлашнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади, – дейди институтнинг “Ҳайвонотлар олами экологияси” лабораторияси катта илмий ходими Нурлибай Мирзамбетов. – Ўзим Қорақалпоғистон шароитида чавоқ ўстирувчи балиқчилик ҳовузлари мавзусида илмий тадқиқотлар олиб бормоқдаман. Чавоқ ўстирувчи балиқчилик ҳовузаларда бўлади. Мазкур ҳовузалар бир неча юз квадрат метр бўлган кичик ҳовузларга бўлиниб, уларда балиқларнинг личинкалари икки, уч ҳафта давомида ўстирилади. Бўш чавоқ ўстирувчи балиқчилик ҳовузалари сув билан тўлдирилади. Уларга бир, икки кундан кейин личинкалар қўйиб юборилади. Ҳовузлар сув билан тўлдирилгандан сўнг уларда ҳар хил турдаги планктон ва бентос организмларнинг маълум бир кетма-кетликда ривожланиши содир бўлади. Балиқлантириш, чавоқларни охирги овлаш, сунъий озиқлантириш вақтини аниқлаш, личинкаларни ўстириш жараёнини оптималлаштириш учун бунинг қонуниятларини билиш жуда муҳим.
Евроосиё, Африка ва Америка балиқчилик ҳовузлари зоопланктонари ҳақида кўплаб маълумотлар мавжуд. Аммо чавоқ ўстирувчи ҳовузларнинг зоопланктони ҳали глобал миқёсда ўрганилмаган. Чавоқлар кўпроқ зоопланктонга муҳтож. Тадқиқотлар давомида Қорақалпоғистоннинг чавоқ ўстирувчи балиқчилик ҳовузларида зоопланктонларнинг 43 тури, яъни 21 турдаги ротифералар, 13 кладосералар, 9 копеподлар аниқланди. Илк бор чавоқ ўстириладиган балиқчилик ҳовузларида зоопланктонларнинг сукцессияси батафсил кузатилди.
– Бир неча йилдан буён «Қорақалпоғистон шароитида юксак сув ўсимликларининг мослашуви ва биоэкологик хусусиятлари» мавзусида илмий тадқиқотлар олиб бораяпман, – дейди Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институтининг таянч докторанти Дилбархон Балтабаева. – Бу сув ўсимликлар илк бор 2021 йил майда Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институтининг тажриба майдонидаги сунъий сув ҳавзасига олиб келиб экилди. 1960 йиллар табиий ҳолда ўсган қорақалпоқчада “тунгийлик” деб номланувчи сув нилуфарлари турли сабабларга кўра йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди. Жорий йилнинг 17 апрелида бу ўсимликлар олиб келиниб, биринчи майда институтнинг тажриба майдонидаги сунъий сув ҳавзасига экилди. Бир ойда гуллай бошлади. Қорақалпоғистон шароитига тўлиқ мослашиб, ўзининг биологик жиҳатдан яшаш фазасини давом эттирмоқда. Бу сув ўсимликлари тиббиёт, балиқчилик соҳасида кенг қўлланилади. Энг муҳими, бу ўсимликлар Қорақалпоғистон шароитига мослашди. Ўсимликнинг ўсишига абиотик – яъни, ҳаво, намлик, сув, ёғингарчилик каби омиллар таъсирида ҳам яшаб қолиш имкониятлари аниқланди.
Институт директори, биология фанлари доктори, профессор Светлана Мамбетуллаева, биология фанлари доктори Гулширин Утемуратова ва институтининг илмий ходими Анархан Атажанова ёш олимларнинг илмий-тадқиқот ишларни олиб боришда маслаҳатлар бериб келмоқда. Ёш олимлар минтақадаги экологик барқарорлик таъминлаш, бутун дунёга машҳур Оролбўйи балиқчилик соҳасини сақлаб қолиш ва давом эттиришида ўз ҳиссасини қўшишни астойдил ният қилган.
Ғайрат Отажонов
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг