Уч аср билан юзлашган момо шукронаси

11:41 27 Март 2025 Жамият
93 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бувайда туманининг «Қорақум» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси азалдан томорқада деҳқончилик билан шуғулланиб, қўшимча равишда ҳунармандчилик, чорвачилик тармоқларидан ҳам даромад олади.

Айтиш жоиз, бугунги кунда мингдан ортиқ оилада 4422 нафар аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг орасида маҳалла файзи бўлган ўнлаб 80-90 ёшли нуронийлар бор. Агар таъбир жоиз бўлса, ушбу маҳаллада нафақат юртимиз, балки дунёдаги энг ёши улуғ инсонлардан бири Ҳувайдо момо Умарова яшайди.

Маҳалла фаоли Ўктамой Исақованинг қайд этишича, ўша даврда масъул идоралар фаолияти бугунгидек равнақ топмагани нуқтаи назаридан онахоннинг ёшида бироз хатолик бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Аммо ушбу ҳамюртимизнинг чиндан ҳам узоқ умр кўриш бахтига сазовор бўлгани айни ҳақиқатдир. Чунки ушбу сулолада бир аср ва ундан ҳам кўпроқ яшаган бир неча инсонлар бор. Шу боис юртимизнинг генетик олимлари сулоланинг узоқ умр кўриш омилларини ўрганиш бўйича дастлабки саъй-ҳаракатларга киришишган.

«Нуроний» жамғармаси Бувайда тумани бўлими раиси Иззатилла Эназаровнинг айтишича, Ҳувайдо Умаровани Гиннес рекордлари китобига киритиш учун мутахассислар таклиф этилган. Шу тариқа мазкур хонадонда онахон билан юзма-юз суҳбатлар ўтказилиб, жараёнга астойдил киришилган эди. Лекин қандайдир сабаблар билан хайрли иш тўхтаб қолди.

Момонинг бошида парвона кенжа фарзанди Тўрақул ака ва келини Дилором опа ҳам меҳнат фахрийси. Тиббиёт соҳасида фаолият кўрсатувчи набира келини Дилдорахон ҳамиша соғлигини назорат қилади. Онахон учун барча замонавий шароитлар муҳайё қилиб берилган.

— Кейинги йилларда бироз хотираси пасайиб, гапиришга қийналсада, баъзан ўланлар, лапарларни қойилмақом тарзда хиргойи қилади, — дейди кенжа фарзанди Тўрақул Умаров. — Қишлоқ хўжалигидаги меҳнат фаолияти, туман тарихи, машҳур инсонлари ҳақида мароқли ҳикоялар сўзлаб беради. Дориламон кунларга етказгани учун тилидан шукронаси тушмайди.

Дарҳақиқат, Ҳувайдо момо Умарова паспортида туғилган санаси 1895 йил сифатида кўрсатилган. Шу маънода, уч аср билан юзлашган онахоннинг ҳаёти ҳавас қилишга арзийди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?