У (бадиа)
У билан кунига камида икки марта учрашар эдим...
Келишган қадди қоматини гоҳ сарвқомат соҳибжамолга қиёсласам, гоҳида хиром айлаётган раққосанинг нозли карашмасига ўхшатардим. Доимо андак энгашиб қарши олишини эса “Ассалому алайкум” даги тавозега менгзардим.
Яна Унда висолга интиқ малакнинг интизор нигоҳини ҳам кўрар эдим. Ҳатто мана шу ҳоли паришонлиги ҳам жуда ярашарди ўзига, чиройининг такрорланмас зебу забари эди.
У ҳар қандай ҳолатда - қуёш чарақлаб турганда ҳам, ҳаво тундлигида ҳам бирдек гўзал, нафосатли дилбар эди.
У ён-атрофидагиларига сира-сира ўхшамасди. Чеҳрасида ҳар қандай кўз қарашини ром қилгувчи мафтункорона мастоналик устивор эди.
Неча асрки, жаҳон санъатсеварларини лол қолдириб келаётан улуғ мусаввир Комилиддин Беҳзод бобомизнинг хаёлий миниатюраларининг табиий чизгилари мужассам эди, нозикниҳол нозаниннинг жуссасида!
... У билан кунига камида икки марта дийдорлашар эдим.Ёзда ҳам, кузда ҳам, қишда-ю баҳорда ҳам.
Ҳар фаслда-да ажиб ҳусн соҳибаси эди, У!
Кузакда олтинранг ҳарир либосидан дурлар сочилиб турса, кўклам бошига яшил дурра тортар, ёз остонасида эса шода-шода сочпопуклар тақар эди.
Ҳа,ҳар мавсумни тантанавор қарши олгувчи эди, У!
Ҳар учрашганда хаёлан сўрар эдим: “Сен нега хомушсан, эй гўзал?”.
Ва эшитгандек бўлар эдим: “Бугун кўришдик, эртага яна дийдорлашамизми, йўқми...”
Ўша “эртага”лардан бирида, бу жавоби замирида нақадар катта хавотири болигини англадим...
Не ажабки,у хилқат мени кутар жойида йўқ эди!
Қурилаётган кўча ва унга ёндош йўлакнинг четида безарар ва беозор турса-да, Уни ортиқча деб ҳисоблашганди. Афсус, минг афсуски,бундай хулосага келганлар орасида Унинг такрорланмас гўзаллигини ҳис қиладиган ҳалоскори йўқ эди. Уни севувчи ва ҳар гал унинг жамолидан аллақандай ёқимли ҳис-туйғуларни қалбимга жо қилиб, гоҳ жануб, гоҳ шимол тарафга ўтгувчи МЕН эса кечиккандим...
Айни ўша “МЕН” ва “СЕН”ларнинг бефарқлигимиз ва лоқайдлигимиз туфайли бир гўзаллик тимсоли - “У” йўқ бўлган эди.
Ҳа ул хурлиқо, ул ҳусни бетакрорни гарчи тил қоидаларига зид бўлса-да У деб талқин қилдик. Сезгандирсиз, аслида У бир дарахт эди. Дарахтки, сиз, биз, улар –ҳаммамиздек, тамойили ободлик, кўркамлик, яратувчилик бўлган ҳаётни севгувчи жонли вужуд- наботот оламининг оддий бир вакили эди.
... Орадан йигирма йил ўтаётган бўлса-да Уни ҳеч ҳам унутолмайман. Бир вақтлар зеб бериб турган манзилидан ўтар эканман, миннатдорона хотираларим билан Уни эслаб қўяман... Ва беиҳтиёр мени мафтун қилган малоҳатини бошқа дарахтлардан излайман.
Аммо афсуски, тополмайман...
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг