Трамп Саудия Арабистонида Салмон билан нималар ҳақида гаплашди?

18:30 14 Май 2025 Дунё
257 0

Фото: AP

Кеча АҚШ президенти Дональд Трамп расмий ташриф билан Саудия Арабистонига келганди. Бу унинг қайта сайланганидан кейинги илк хорижий сафари ҳисобланади.

Оммавий ахборот воситалари хабарларига қараганда ташриф давомида асосий эътибор минтақавий хавфсизлик масалаларига эмас, балки иқтисодий келишувларга қаратилади.

Оқ уй раҳбари Ар-Риёддаги Қироллик саройида Валиаҳд Шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон томонидан илиқ кутиб олинди. Учрашувда анъанавий Араб қаҳваси тақдим этилди. Мулоқот аввалида Трамп «Менимча, биз бир-биримизга жуда ёқамиз», деган.

Шундан сўнг томонлар бизнес ва ҳарбий битимларни имзолашган. Америка делегациясида молиявий элита вакиллари, жумладан, «Blackstone Group» раҳбари Стивен Шварцман, «BlackRock» бош директори Ларри Финк ва «Tesla» ҳамда «SpaceX» раҳбари Илон Маск бўлган. Аввалроқ, Салмон АҚШга 600 миллиард долларлик сармоя киритганини эълон қилган эди. Ўшанда Трамп триллион долларлик келишув бундан-да яхши бўлишини айтиб ҳазиллашган. Кўриниб турибдики, икки давлат ишбилармонлик алоқаларини кучайтирмоқчи. Трамп Яқин Шарқ ҳақидаги тасаввурини «Хаос ўрнига тижорат» дея таърифлади.

Трампнинг ушбу учрашувдаги энг муҳим баёнотларидан бири Суриядаги янги режимга қарши санкцияларнинг бекор қилинишини эълон қилиши бўлди. Унга кўра, бу Сурияга буюк қилиш имконини беради.

Шунингдек, у Араб мамлакатларининг Исроил билан муносабатларини нормаллаштириш ва Ғазодаги урушни тугатиш устида ишлашни давом эттириш ниятида. Шу қаторда Ямандаги Ҳусийларга қарши кураш Трампнинг Яқин Шарқ сафари кун тартибида экани маълум қилинган.

АҚШ раҳбари 13-16 май кунлари Яқин Шарқ давлатлари — Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларида бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Трамп ўзининг аввалги президентлик муддатидаги илк хорижий сафарни ҳам Саудия Арабистонига амалга оширганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер