Тошлоқлик йигит-қизлар учун «Ғоялар фабрикаси»
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Айни кунларда Фарғона вилоятининг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошлоқ туманида ҳам янги IT-шаҳарча қад ростлади. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 май куни қабул қилинган «Ҳудудларда ёшларга рақамли технологиялар ва хорижий тилларни ўрганиш учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган «IT-шаҳарча»лар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори бу борада дастуриламал бўлмоқда.
Тошлоқ тумани ҳокимлиги ташаббуси билан замонавий IT-шаҳарча ёнида ўзига хос меъморий қиёфага эга, ёшларнинг қизиқиши ва дунёқарашига хос креатив тарзда ёндашилган контейнерли бино қуриб битказилди. Асосан 4 та контейнердан иборат ва ички кўриниши 12/12 метр ҳажмида бўлган икки қаватли бино қурилишида металоконструкциядан фойдаланилди. Бинонинг ташқи қисмига тунукафон қопланиб, муҳташам ва чиройли кўринишга келтирилди.

— Истиқболли лойиҳанинг умумий қиймати 500 миллион сўмдан зиёдни ташкил этади, — дейди Тошлоқ тумани ҳокими ўринбосари Элмуродхон Мадаминов. — Ўтган қисқа давр мобайнида ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги маҳаллий бюджетидан 310 миллион сўм маблағ ажратилди. Маблағнинг қолган қисми бинони жиҳозлаш ишларига йўналтирилади. Ҳозирда режадаги барча ишлар якунига етказилди. Шу кунларда контейнерли бино тантанали равишда фойдаланишга топширилади.
IT-шаҳарчада хорижий тилларни ўқитиш ва рақамли технологиялар соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш фаолияти йўлга қўйиладиган бўлса, контейнерли бинода янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда мувофиқлаштириш ишлари ташкил этилади. Бир сўз билан айтганда, контейнерли бино тошлоқлик йигит-қизлар учун «Ғоялар фабрикаси» вазифасини бажариши мақсад қилинган.

IT-Парк Фарғона филиали директори Баҳромжон Жалиловнинг маълум қилишича, Тошлоқ тумани ҳокимлигининг ушбу ташаббуси эътиборга сазовордир. Бу ёшларини рақамли технологиялар соҳасига кенгроқ жалб этиш ҳамда амалий кўникмага эга бўлишини рағбатлантиришда қўл келади.
Бундай қўшимча шароит яратилгани дастурлаш ва рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда хизматлар соҳасини ривожлантириш имконини беради. Ўз навбатида, онлайн таълим дастурларини амалга ошириш, доимий мулоқот ва семинарлар ўтказиб боришда ҳам қулай платформа вазифасини бажаради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг