Тошкентда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга бағишланган тадбир ўтказилди

18:02 12 Октябр 2018 Жамият
2004 0
Фото: “Халқ сўзи”

Пойтахтимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида “Ташаббускор, дўст, ҳамфикрмиз, дугонажон” шиори остида ижодий кеча бўлиб ўтди. Унда ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат намоёндалари, ўқувчи, талабалар қатнашди.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда аёллар саломатлигини яхшилаш, қизларнинг таълим олишига шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади.

— Миллат давомчиси бўлмиш қизларни маърифатли, зиёли ва оналик мақомига муносиб қилиб вояга етказиш масаласи бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўра муҳимдир, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова. — Бундай самимий учрашувлар ёшларнинг маънавий тарбиясини юксалтириши билан бирга уларнинг ўзларини қизиқтирган саволларга турли соҳа мутахассисларидан етарли жавобларни олишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Кечада Хотин-қизлар қўмитаси томонидан жамоатчилик асосида тузилган “Қизларжон” клубининг фаолияти, ёшлар ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамфикрлик муносабатларини шакллантириш бўйича олиб бораётган ишлари ҳақида маълумотлар берилди. Ижодкор қизлар кўргазмалари, мусиқий чиқишлар намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Нарбаева сўзга чиқди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?