Тошкентда Ҳукумат акселератори офиси очилди

17:40 15 Июнь 2021 Иқтисодиёт
1096 0

15 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастури доирасида Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан биргаликда жорий этилаётган ташаббуслардан бири бўлган Ҳукумат акселератори офисининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирда Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ишлари вазири Муҳаммад ал-Қарқовий ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тадқиқотлар маркази раҳбарияти ва бошқа мансабдор шахслар иштирок этди.

Акселераторнинг асосий вазифаси давлат органлари ва ташкилотлари ресурсларини жалб қилиш орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги долзарб муаммоларни тез ва самарали ҳал этишдан иборат. Акселератор гуруҳлари ҳар бир 100 кунлик муддат ичида махсус ечимларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун давлат органлари, хусусий сектор ва бошқа манфаатдор томонлар билан ишлайди.

Тадбир доирасида, Акселератор раҳбарияти биринчи 100 кунликда тўртта йўналиш, яъни қурилишга рухсат бериш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, шаҳарлар бош режаларини ишлаб чиқиш ва коммунал тўловлар учун ягона биллинг тизимини яратишни соддалаштириш бўйича эришилган натижалар ҳақида иштирокчиларга маълумот берди.

БАА томони Акселераторнинг натижадорлиги ва Ўзбекистонда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастурини ҳаётга татбиқ этишда эришилган муваффақиятлар бошқа мамлакатларда бундай механизмни жорий этишда кузатилган натижалардан анча юқори эканлигини таъкидлади.

Маросим иштирокчиларига фуқароларнинг давлат хизматларидан қониқиш даражасини баҳолаш, БМТ стандартларига мувофиқ Ўзбекистон энергетика соҳасида статистикани шакллантириш, корхоналар учун рейтинг тизимини жорий каби янги 100 кунлик муддат доирасида Акселератор ишининг асосий йўналишлари тақдим этилди.

Умуман олганда, БАА ҳукумати кўмагида амалга оширилаётган Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастури 25 йўналишни, жумладан, Миллий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш, давлат хизматларини такомиллаштириш, “бизнесни юритиш” рейтингида Ўзбекистон позициясини яхшилаш, инновацияларни жорий этиш, солиқ ва божхона маъмурчилигини, эркин иқтисодий зоналарни бошқариш амалиётини такомиллаштириш ҳамда раҳбар кадрларни тайёрлаш ва давлат органлари учун кадрлар захирасини яратиш ва бошқа соҳаларни ўз ичига олади. Ушбу дастур ижроси доирасида Ўзбекистон ва БААда 5 мингдан ортиқ киши иштирок этган 124 та семинар ҳамда 100 га яқин турли қўшма тадбирлар ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер