Тошкент вилоятида магистраль трасса кўприги қулаб тушди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида жойлашган «Қорабоғсой» кўпригининг бир қисми қулаб тушгани тасвирланган видеолар тарқалди. Автомобиль йўллари қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 13 май куни тахминан соат 20:00 да А 373 «Тошкент—Оҳангарон—Ангрен—Қўқон—Шаҳрихон—Андижон» автомобиль йўлининг 85-километрида юз берган. Ушбу ҳудуддаги «Қорабоғсой» кўприги четидаги охирги оралиқ қурилмаси, яъни пиёдалар йўлаги синиши оқибатида ушбу йўналиш бўйича автомобиллар ҳаракати чекланиб, ҳаракат вақтинча D 019 «Ангрен шаҳрини айланиб ўтиш» автомобиль йўлига ўтказилган.
«Ўзйўлкўприк» кластерининг Кўприк ва сунъий иншоотларни диагностика қилиш бўлими мутахассислари томонидан Автомобиль йўллари қўмитасининг мурожаатига асосан қисқа муддатда мазкур кўприкда ўрганиш ишларини амалга ошириб, тегишли хулосани тақдим этган.
Унга кўра, кўприк конструкцияси техник ҳолати ўрганилганда оралиқ қурилма тўсинларининг маънавий эскиргани, тўсинларнинг амалдаги юкламаларни кўтара олмаслиги, кўприк устки қопламаси қалинлиги меъёридан ортиб, тўсинларга ортиқча юк бераётгани, тўсинлар ўзаро яхлит бўлмай, алоҳида элемент сифатида ишлаётгани ҳамда кўприк устки қопламасидаги ёриқлардан ва қатнов қисми қопламасининг чекка қисмларидан оқиб тушган сувлар тўсинларни бутун танаси бўйлаб тарқалиб, коррозияга учратаётгани, тўсинлардаги ёриқлардан сув сизиб кириб ишчи арматураларини ҳам коррозияга учратаётгани аниқланган.
Таъкидланишича, кўприкнинг умумий техник ҳолати қониқарсиз ҳолатда дея баҳоланган. Шунингдек, эндиликда мазкур иншоотда келгусида содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тўлиқ реконструкция ишлари олиб борилиши лозимлиги айтиб ўтилган.
Бундан ташқари кўприк жойлашган автомобиль йўли I тоифага тўғри келгани, кўприк габарити автомобиль йўлига мос эмаслиги, автомобиллар ҳаракатида айнан кўприк жойлашган оралиқда тирбандликлар ҳосил бўлаётганини инобатга олиб, кўприк реконструкция ишлари доирасида автомобиль йўли тоифасига ва замонавий А 14, NK 100 меъёрий талабларига мос бўлган янги кўприкни қуриш мақсадга мувофиқлиги қайд этилган.
Автомобиль йўллари қўмитаси тақдим этган маълумотда келтирилишича, А 373 «Тошкент—Оҳангарон—Ангрен—Қўқон—Шаҳрихон—Андижон» автомобиль йўлининг 85-километрида жойлашган «Қорабоғсой» кўприги 1969 йилда «МСУ-14 трест УЗ мостстрой» томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилган. 1995 йилда реконструкция қилинган. Кўприкнинг 3 оралиқли схемаси 3х22,2 метр узлукли схемада II тоифали автомобиль йўлига мўлжаллаб қурилган. Умумий узунлиги 66,6 метр, кўприкнинг оралиқ қурилмалари кенглиги 1,6 метр, узунлиги 22,2 метр, габарити 1,3+0,30+14,05+0,30+1,3 метр. Кўприкнинг баландлиги 4,80 метр, қатнов қисмининг кенглиги 2х6,55 метр, йўлакнинг кенглиги 2x1,30 метр, ажратувчи тасмалар кенглиги 0,96 метр, кўприк ости ўтиш габарит баландлиги 4,80 метр, қатнов қисми қиялиги -1 фоиз, кўндаланг -3 фоиз, меъёрий юклама N-30 тонна, NK-80 тонна. Автомобиль йўли 16-тоифага мансуб.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг