Тошкент шаҳрида қурилишга рухсат бериш ва архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича янги, композит тарзда хизмат кўрсатиш тизими жорий қилинди

12:13 20 Февраль 2025 Жамият
1419 0

Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқларидаги Тошкент шаҳрида қурилишга рухсат бериш ва архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш давлат хизматини соддалаштирилгани ҳақидаги хабарлари қўшимча аниқлик киритиш масаласида Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиевга мурожаат қилдик.

Х.Мелиевнинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сон қарорига асосан, бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш муддати 7 иш куни, архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш муддати эса 13 иш куни этиб белгиланган эди, умумий муддат эса 20 иш куни. Бу хизматлар учун умумий базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида йиғим ундирилади ва аризалар кўриб чиқилиши 11 босқичда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2025 йил 23 январь куни ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар тўғрисида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш ва қурилишга рухсат бериш бўйича мавжуд жараёнларни бирлаштирган ҳолда бунинг учун сарф этиладиган вақтни қисқартириш бўйича топшириқ берилган эди.

Шунга кўра, Адлия вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида қурилишга рухсат бериш ва архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш давлат хизматлари композит тарзда кўрсатиш бўйича қўшма қарор тасдиқланиб, ижрога қаратилди.

Мазкур қўшма қарорга асосан 2025 йил 15 февралдан бошлаб, Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида қурилишга рухсат бериш ва архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган муддатлар ва кўриб чиқиш босқичлари сезиларли даражада қисқартирилди.

Хусусан, умумий муддат 20 иш кунидан 12 иш кунига, кўриб чиқиш босқичлари 11 тадан 7 тага қисқартирилди ва йиғим миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравардан 0,5 бараварига туширилди.

Муқаддам мазкур давлат хизматларидан фойдаланиш учун талабгорлар жами 5 маротаба (рухсатнома учун ариза юбориш, рухсатномани олиш, АРТ учун ариза юбориш, АРТ тўловини амалга ошириш ҳамда АРТни олиш) давлат хизматлари марказларига келишлари лозим бўлган, ҳозирда бу ташрифлар қисқаради (ЯИДХПдан юборилса келиш шарт эмас).

Тошкент шаҳри мисолида айтадиган бўлсак, давлат хизматлари марказларига ўтган 2024 йил давомида бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш бўйича 8 686 та (6 317 та жисмоний шахс, 2 369 та юридик) ҳамда архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича 4 752 та (2 422 та жисмоний шахс, 2 330 та юридик) аризалар келиб тушган бўлиб, талабгорлар ушбу хизматлардан фойдаланиш учун 5 маротаба давлат хизматлари марказларига келишган.

Маълумот учун: Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил давомида, мазкур давлат хизматлари бўйича 2 113 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, ваколатли органларнинг 55 нафар мансабдор шахсларига нисбатан тегишли таъсир чоралари қўлланилган.

Бу ўзгаришлар нафақат ортиқча оворагарчиликни, балки вақт ва маблағни тежашга ҳам ёрдам беради. Битта ариза билан қурилишга рухсатнома ва АРТ ҳужжатларини олиш имконияти яратилди.

Эксперимент 2025 йил охирига қадар Тошкент шаҳрида олиб борилади ва натижалари бўйича республика миқёсида жорий қилиш учун Вазирлар Маҳкамасига таклифлар тақдим этилади.

Янги тартиб шаҳар ва республикадаги қурилиш соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим қадам бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайликлар яратишга хизмат қилади.

Иқбол ПАРДАЕВА.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер