Тошкент ҳавоси ифлосланишининг сабаби нима?

13:23 23 Сентябр 2025 Жамият
130 0

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги 22 сентябрь кундузи ҳамда тунда пойтахтда кузатилган чангли ҳаво юзасидан муносабат билдирди.

Унда айтилишича, 21-сентябрь куни марказида атмосфера босими 1010 гПа.гача пасаювчи паст босимли кичик градиэнтли атмосфера соҳаси республиканинг Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида кундуз куни ҳаво ҳароратининг 34, 35 даражагача қизиб кетишини таъминлаган. Бу вақтда Тошкент вилояти жанубий станцияларида ҳаво ҳарорати максимум қийматлари 35 даражадан юқорилаган.

Мазкур исиш ҳодисаси ўша куннинг тунида Каспий денгизи орқали марказида атмосфера босими 1028 гПа гача юқори кўтарилувчи совуқ антитциклонал жараённинг минтақага давомли фронт олди ғарбий шамоллари билан кириб келишига сабаб бўлган.

21 сентябрь куни ва 22 сентябрь тонгида Навоий вилояти шарқи, Айдаркўл кўллар тизими атрофига эсган кучли ва давомли ғарбий шамоллар ўз йўналишини Чордара сув омбори ҳудудларидан бошлаб бироз шимол томонга ўзгартирган. 22 сентябрь куннинг иккинчи ярмидан Қизилқум шарқи ва Айдаркўл ҳудудлари ҳамда Қозоғистон жанубий вилоятларида кўтарилган чанг ҳаво массалари тўғри Тошкент шаҳрига кириб келган.

Тошкент шаҳрида соат 15:00 дан бошлаб аввалига жануби-ғарбий ва ғарбий ҳудудда ҳавода PM2.5 ва PM10 майда дисперс заррачалари орта бошлаган. Масалан, Ўзгидрометнинг Учтепа ҳокимияти биноси олдига ўрнатилган Ҳориба автомат станцияси айни ўша муддатда ҳаво таркибида 142 мкг/м³ оғирликда майда PM2.5 заррачасини қайд этган. Бу миллий рухсат этилган стандарт қийматдан 4 баробар кўп қийматдир. PM2.5 майда заррачаси бўйича миллий рухсат этилган меъёрий қиймат 35 мкг/м³ ҳисобланади.

Соат 16:00 да пойтахтда жануби-ғарбий шамоллар сониясига 4 метр тезликда эсиб, жануби-ғарб томондан шаҳар маркази ва шимоли-шарқи томон майда дисперс заррачалари жадал тўпланишига олиб келган. Бу вақтда Тошкент марказий қисмларида ҳам ҳавода PM2.5 ва PM10 майда заррачалари миллий рухсат этилган меъёрлардан ошган. Ҳатто пойтахтнинг шарқий қисми «Янги Ўзбекистон» боғида ўрнатилган автомат станция кузатув объектида майда PM2.5 заррачалари миллий рухсат этилган меъёрдан 2 баробаргача (68 мкг/м³) ортиб кетган. Тошкент халқаро аэропортида айни 16:00 дан бошлаб кўриниш масофаси 5 км гача чекланган ғубор ҳодисаси кузатила бошланган.

Соат 18:30 да Ўзгидрометнинг Тошкентга ўрнатилган кўплаб автомат станция қийматларида ҳавода майда PM2.5 дисперс заррачалари тахминан 150 мкг/м³ атрофида шиддат билан кўпайиб бораётгани қайд этилган. Бу каби қиймат Тошкентнинг катта қисмида майда PM2.5 заррачалар билан ифлосланиш миллий рухсат этилган меъёрдан 5 баробаргача кўпайиб кетишини таъминлаган. Айни мана шу муддатда Тошкент халқаро аэропортида кўриш масофаси янада ёмонлашиб, 4 минг метргача масофани ташкил этган.

Прогноз

Марказида атмосфера босими 1025 гПа.гача кўтарилувчи совуқ антитциклон республиканинг марказий қисмларидан ўтмоқда. Ушбу жараён 24 сентябрга қадар республика об-ҳавосини белгиловчи оқим ҳисобланиб, 23-24 сентябрь кунлари айни Тошкент шаҳри ҳавосида тўпланган майда дисперс заррачаларни тўлиқ «тозалаш» қувватига эга эмас. Аксинча, ушбу ҳаво оқими ҳавода йиғилган майда заррачаларни аста-секин ерга босиш ҳолатини келтириб чиқаради. 23-24 сентябрь тонгги муддатлар ва кечки муддатларда инверсия ҳодисаси сабаб ҳавода майда дисперс заррачалари миқдори яна ортиши эҳтимоли бор. 24 сентябрь тунги муддатларда антитциклоннинг минтақадан бутунлай чекиниши ва ўрнига бошқа бир паст босимли атмосфера жараёнлари алмашиниш фонида Тошкент шаҳри ҳавосида майда дисперс заррачалардан тез тозаланиш рўй бериши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?