Тўрткўл – юракларда сезилаётган ўзгаришлар
Қорақалпоқ халқининг классик шоири Ажиниёз бобомиз: “Бу дунёнинг кўрки одам боласи”, дея тараннум қилгандек юртимиздаги ҳар бир инсон эътибор ва қадр-қиммат билан яшашга ҳақли. Президентимизнинг аввало инсон ва унинг манфаатларини кўзлаб олиб бораётган ислоҳотлари туфайли Қорақалпоғистоннинг ҳар бир ҳудудида улкан ўзгаришлар сезилмоқда. Янгиланиш ва тараққиёт сари дадил қадам қўяётган ҳудудлардан бири сифатида Тўрткўл тумани ўзгаришлари билан алоҳида ажралиб турибди. Бу ерда йўл инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳалар ва саноатда олиб борилаётган ислоҳотлар яққол кўзга ташланади. Янги йўллар аҳолини бир макондан иккинчисига қулай олиб ўтса, замонавий корхоналар ва ижтимоий объектлар турмуш тарзини яхшиламоқда.
– 2023 йил 8 августда қабул қилинган “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон туманимиз ҳаётида янги саҳифа очди, – дейди Тўрткўл тумани ҳокимлиги бўлим бошлиғи Санъатбек Худайшукуров. – Фармон ижроси доирасида 11 нафар тадбиркорга бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун ер майдонлари ажратилиб, янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига пойдевор қўйилди. Натижада инвестициялар кириб келди, иш жойлари очилди, аҳоли бандлиги таъминланди. Тадбиркорларимиз ташаббус билан чиқяпти, янги ғояларини амалга оширяпти.
Бу янгиланишлар нафақат иқтисодий кўрсаткичларда, балки ҳар бир оила ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2024 йил 9 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам туман саноатига янги нафас олиб кирди. Имтиёзлар туфайли 30 га яқин замонавий ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилиб, 534 та иш ўрни яратилди. Янги иш ўринлари оилаларнинг турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилмоқда, болалар мактабга қулай шарт-шароитда боряпти, аҳоли тиббий хизматдан фойдаланишда осонликка эга бўлди. Тадбиркорлар эса ўз ғояларини амалга ошириб, маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда.

— Олдин тадбиркорликни бошлашни ўйласак, аввал ер майдонини аукционда сотиб олишимиз керак эди, — дейди тадбиркор Қуватбек Мирзаев. — Ҳозир туманимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган қулай имкониятлар туфайли савдо дўкони қуриладиган майдонни инвестиция киритиш шарти билан аукционсиз ажратиб беришди. Қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда, тез орада савдо марказимиз ишга тушириб, кўплаб ҳудуд аҳолиси бандлигини таъминлашга ҳиссамизни қўшамиз.
Яратилаётган имкониятлар Тўрткўлда олдин кузатилмаган янги ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилишига асос солмоқда. Шу йўналишда энг кўзга ташланарлиси — “Улли боғ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида очилган корхона бўлиб, у 12 турдаги қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Корхона қурилиш соҳаси учун зарур бўлган сифатли маҳсулотларни тақдим этади. Ҳозирда 20 дан ортиқ маҳаллалар фуқароси иш билан таъминланган бўлса, лойиҳа тўлиқ ишга тушгач яна 150 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
– Бизнинг корхоналаримиз учун яратилган имкониятлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда, — дейди иш юритувчи Эркин Абдуллаев. — Маҳсулотларимиз ҳозирда нафақат Қорақалпоғистон бўйлаб, балки қўшни вилоятларга ҳам етиб бормоқда. Келгуси йилда эса экспортга чиқаришни мақсад қилиб, маҳсулотларимиз сифати ва турларини янада оширишни режалаштирмоқдамиз.
Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг фаровонлигини таъминлашга қаратилган ҳар бир фармон ва қарори тўрткўллик тадбиркорларни янги ташаббусларга руҳлантирмоқда. Ижтимоий соҳада ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилади. Мактаб ва таълим муассасалари реконструкция қилиниб, замонавий тиббий хизмат йўлга қўйилди, спорт майдонлари барпо этилди.

— Бугунги янгиланишлар халқнинг ўз турмушидан рози бўлиб яшашига сабаб бўляпти, — дейди нуроний Абдулла Султонов. — Тадбиркорлик соҳалари билан бирга ижтимоий объектларнинг янгиланиши, йўл ва инфратузилмаларнинг ривожланиши аҳоли ҳаётининг сифати ошишига хизмат қилмоқда. Олдинлари асосан аграр ҳудуд саналган туманимизда бугунги кунда кўплаб саноат объектлари ҳам фаолият юритмоқда. Жорий йилда туманда қиймати 455,7 миллиард сўм бўлган 50 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган, натижада 1148 та янги иш ўрни яратилади.
Жорий йилда Тўрткўлдаги ўзгаришлар нафақат кўзга кўринмоқда, балки ҳар бир уй ва кўчада ҳам ҳаётни юритмоқда. Йўллар энг оддий кундалик ҳаракатни ҳам осонлаштирса, янги парклар, спорт майдонлари ва дам олиш масканлари халқ ҳаётига қувонч ва серқувват энергия олиб кирмоқда. Мактаблар ва корхоналар замонавийлик ва самарадорликни ўз ичига олган ҳолда ҳар бир оила ҳаётини муносиблаштирмоқда. Тиббий хизматнинг қулайлиги ва тезкорлиги эса халқни ишонч ва тинчлик муҳитида яшашга имкон беради.
Ҳар бир тадбиркор учун Тўрткўл янги имкониятлар майдони, ҳар бир оила учун эса умид ва ишонч манбаига айланди. Бугунги янгиланишлар нафақат саноат ва инфратузилмани ривожлантирмоқда, балки одамлар қалбидаги умид ва ишончни ҳам кучайтирмоқда.
Ғайрат Отажонов
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг