Тўқсон минг оила уй-жойли бўлади

08:58 30 Март 2023 Жамият
412 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Турсиной Муродованинг Андижон вилояти Қорасув шаҳар 27-Мусиқа ва санъат мактабидаги учрашувлари кўтаринки руҳда ўтди.

Тадбирда Конституциямизга кўплаб концептуал янги нормалар киритилаётгани, жумладан, 20-моддада инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши кафолатланаётгани қайд этилди.

Таъкидланганидек, ўтган йили мамлакатимизда 50 минг оила учун янги квартиралар олишга шароит яратиб берилган эди. Бу йил 90 минг оилани уй-жойли қилиш марраси олинган. Яқин 2-3 йилда эса бу рақамни 200 мингга етказиш устида ишланмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланмоқда. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади.

Халқ вакили Т.Муродованинг навбатдаги учрашуви Хонобод шаҳридаги Мусиқа ва санъат мактабида давом этди. Учрашув давомида депутат мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, шунингдек, Бош қомусимизга киритилаётган янгиликлар ҳақида йиғилганларга тушунчалар берди.

Тадбирда сўз олганлар янгиланаётган Конституция бозор механизмлари ва ҳалол рақобат тамойилларини, иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлиги кафолатларини янада мустаҳкамлашнинг ҳуқуқий асосига айланишини таъкидладилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер