Томорқадан топилган қадимий тангалар

13:47 24 Декабрь 2025 Жамият
99 0

Ўшанда 2017 йилнинг 21 августи эди. Янги уй қуриш ниятида ҳашарчилар билан лойхандак тайёрлаётган Эркин ака чамаси 1,5 метр чуқурликда ётган сопол кўзани кўриб ҳушёр тортди. Бехос тушган кетмон зарбидан ёрилган кўзанинг ичи лиқ тўла танга эди. Уларнинг қадимий эканлиги шундоқ кўриниб турарди. Табиатан босиқ ота воқеадан оиласидагилар ва маҳалла масъулларини хабардор қилди.

Эртасига Ғиждувон туманидаги Саидкент маҳалласида яшовчи ота – ўғил Эркин ва Баҳодир Мўминовлар ва келин бўлмиш Тўлиной Одилова вилоят ҳокимлигига келиб, топилмани давлатга топшириш ниятидалигини билдиришди. Шундан сўнг Бухоро давлат бадиий – меъморчилик музей – қўриқхонаси мутахассислари таклиф этилди. Улар томонидан дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилган ҳолда 816 дона тангадан иборат хазина тегишли тартибда музейга қабул қилинди.

– Ўшанда бу тангалар ХIII-XIV асрларга тегишли экани аниқланди, – дейди музей – қўриқхона реставратори Дилмурод Холов. – Реставрацияга қадар улар тупроқ коррозиясига учраган, айримларининг ёзув ва саналари кимёвий бузилиш сабаб кўринмай қолганди. Табиийки, тозалаш ва консервация ишларини бажардик. Тангаларнинг аксарияти XIV асрда Чиғатой улуси ҳукмдорлари томонидан зарб этилгани маълум бўлди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, тангаларнинг кўпи олд томонида араб ёзувида калима матни ва дастлабки тўрт халифа исми, орқа томонида эса Чиғатой улуси ҳукмдорларининг ҳамда зарб этилган жой (Бухоро, Термиз, Самарқанд) номлари битилган.

Айтиш ўринлики, музей – қўриқхонанинг нумизматика фондида антик даврлардан тортиб то ҳозирги даврга қадар зарб қилинган тангалар йиғиндисини кўриш мумкин. Уларнинг музей фонди ва экспозициясида тутган ўрни катта. Тангалар мозийдан сўзловчи, аниқ далиллар келтирувчи артефактлар ҳисобланади.

– Бундай тарихий ашёларни давлатимизга беғараз топширган Мўминовлар оиласидек юртсевар фуқароларга ҳар қанча тасанно айтса арзийди, – давом этади Д.Холов. – Топилмаларни асраб-авайлаш, ўз вақтида реставрация ва консервация қилиш, келажак авлодга асл ҳолича етказиш, қолаверса, тарихимизни илмий ўрганиш эса ҳар бир музей ходимининг олдида турган муҳим вазифалардан деб биламан.

Мўминовларга келсак, улар ноёб топилмани музейга топшириб, чиндан ҳам оқилона йўл тутишган.

– Биз ўшанда бирор бир фойдани ўйлаб, бу ишни қилмадик, – дейди Баҳодирнинг турмуш ўртоғи, гуруҳ ногирони саналган Тўлиной Одилова. – Фуқаролик бурчимизни бажардик, холос. Очиғи, ўша кезларда айрим кимсалар “Мўмай пул ишлаб олиш ўрнига нега хазинани сувтекинга топширдинглар?” дейишди. Майли, уларни қўяверинг. Муҳими, оиламиз ўзига тинч. Уч нафар фарзандимиз бор. Қадимий тангалар топилган ерга ёндош жойда иморат тиклаб кўчиб ўтганимизга ҳам анча бўлди.

– Эркин ака ҳалол – покиза, камсуқум, меҳнаткаш, бировнинг бир тийинига ҳам хиёнат қилмайдиган фуқароларимиздан, – дейди Саидкент маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нигора Қиёмова. – Фарзанду невараларини ҳалол меҳнат ортидан ризқ-рўз топишга одатлантирган. Шу боисдан ҳам бу оиланинг бир эмас, кўп эмас, 816 та қадимий тангани давлатимизга беғараз топширганидан асло ажабланмадим.

Бу сўзларга ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ, албатта.

Истам ИБРОҲИМОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер