Томдаги хазина
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Халқимизда «Излаган имкон топар» деган нақл бор. Аслида имконсизликнинг ўзи йўқ. Бунга, айниқса, Андижон вилоятида кўп бор гувоҳ бўлиш мумкин. Зеро, ҳудуднинг ер майдони республика ер майдонининг бир фоизини ҳам ташкил этмайди. Бироқ, аҳоли зичлиги жиҳатидан ҳам у етакчи ўринда. Манзилда 1 км² майдонга ўртача 804,9 киши тўғри келади. Бу аҳолини мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишга ундайди. Буни Олтинкўл туманидаги Янги чек маҳалласида яшовчи Муҳаммадислом Икромиддинхожиев мисолида ҳам кўриш мумкин.
— Ёшлигимдан паррандачиликка қизиқаман, — дейди у биз билан суҳбатда. — Болалигимда ҳовлимизда қўй, сигир боқардик. Уларнинг парвариши кўп вақтни олгани боис дадам парранда боқишимга қаршилик қиларди. Шу боис улардан яшириб, томда товуқ боққанман. Бироқ, вақти келиб бу ишим кўп асқатиши мумкинлигини билмагандим. Бугунги кунда ўзим алоҳида ҳовлида яшайман. Тураржойим 2 сотихдан иборат бўлгани боис имкониятлар чекланган. Шундай бўлишига қарамай, мавжуд шароитдан унумли фойдаланишга қарор қилдим. Бунинг учун бир сотих майдондаги бинонинг том қисмини товуқхонага айлантирдим.

Муҳаммадисломнинг мўъжазгина фермасида тўрт минг бош товуқ, ўрдак, ғоз, каптар ва куркалар учун барча шароит яратилган. Тўғри, уларни парваришлаш услублари ҳар хил. Шу боис бинонинг том қисмида ҳар бир турдаги парранда учун алоҳида қулайликлар барпо этилган.
— Ғоздан қўриқчи сифатида фойдаланаман, — дейди суҳбатдошимиз. — Сабаби, у ҳар қандай шарпани сезган заҳоти овоз чиқариб, уй эгасини хабардор қилади. Томорқанинг бир четидаги ҳовузчага тушиш учун зинадан фойдаланишни ўзлаштириб олган. Саудия Арабистонида ошпазлик билан машғул йигитнинг даромади чаккимасди. Бироқ, бу унинг паррандачиликка бўлган қизиқишини қондира олмади. Инсон ҳар қанча пул топмасин, барибир ўзи яхши кўрган, хоҳлаган ишини қилиши кераклигини тушунди. Шу боис Олтинкўлга қайтиб келгач, паррандачилик билан шуғуллана бошлади.

— Осон ишнинг ўзи йўқ, — дейди у илк фаолият дамларини эслаб. — Йўқотишлар, зарарлар ҳам бўлди. Лекин афсусланмадим, буларнинг барчаси тажриба мактаби вазифасини ўтади. Бугунги кунда нафақат ўзим, балки 4 нафар маҳалладошларим ҳам шу иш ортидан даромад топмоқда.
Ёш бўлишига қарамай, кўпчиликка бош бўлиб келаётган мақоламиз қаҳрамони атиги бир сотих майдондан бир йилда 30 млн. сўмдан 50 млн. сўмгача даромад олиш мумкинлигини меҳнати орқали исботлаб келмоқда. Тажриба янги лойиҳаларга, ижобий самараларга етаклайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Камбағал оилалар фарзандларининг тўгарак харажатларининг 80 фоизгача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг