Томчида ҳаёт акси

11:20 20 Июнь 2025 Жамият
179 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Балиқчи туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш кўлами янада ортган. «Туркобод» маҳалла фуқаролар йиғинида янги сув қудуғи ва минорасининг ишга туширилиши орқали 521 та хонадоннинг ҳар бирига ичимлик суви тармоғи кириб борди.

«Сирмоқ» маҳалласининг «Теракзор» кўчасидаги хонадонларда яшовчи 3200 нафар аҳоли шу пайтгача сувни маълум масофадан ташиб келишга мажбур бўлган. 5 км. масофага тармоқ тортилиши, сув минораси ва қудуқ ўрнатилиши туфайли муаммо ижобий ечим топди.

Сув қадрини бошқалардан кўра ортиқроқ ҳис этадиган Зулфиқор маҳалласи аҳлининг ҳам узоқ йиллик орзуси амалга ошди. 112 километр масофага тармоқ тортиб, 200 та хонадонга сув қувурини олиб кириш орқали истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди.

— Маҳалламизда ичимлик суви таъминотида узилишлар кўп бўларди, — дейди Туркобод маҳалласида яшовчи Ойдиной Холмирзаева. — Айниқса, ёз фаслида сув етиб келмас эди. Аксига олиб қувур эскирганлиги боис носозликлар юзага келарди. Бунёдкорлик ишларидан сўнг ичимлик суви ҳар бир хонадонга кириб келди. Бу эса турмуш шароитимизни тубдан ўзгартириб юборди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, туманда 2017 йилдан буён 500 км.дан зиёд янги тармоқ тортилди. 70 та қудуқ қурилиб, мавжуд 50 та қудуқда таъмирлаш ишлари бажарилди. Бунинг натижасида 66 та маҳаллада яшовчи 210 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер