Тиниқ туйғулар куйчиси

21:13 14 Апрель 2026 Маданият
312 0

Фото: Бобур Мамадиёров/«Халқ сўзи»

Навоий давлат университетида таниқли адиб ва публицист Ўткир Раҳматнинг «Сайланма»сининг IV томи тақдимоти муносабати билан «Тиниқ туйғулар куйчиси» деб номланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.

Анжуманда муаллиф билан бирга биология фанлари доктори, профессор ва академик Бакриддин Зарипов, Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши раиси Ғ.Алиев, университет профессор-ўқитувчилари, таниқли ёзувчи ва журналистлар, талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Фото: Бобур Мамадиёров/«Халқ сўзи»

Тадбирни университет ректори вазифасини бажарувчи, профессор Мухиддин Калонов кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Ўткир Раҳматнинг бой ижодий йўли, унинг ўзбек журналистикаси ва адабиётига қўшган муносиб ҳиссасига атрофлича сўз юритди. Адиб асарларига бош мавзу бўлган инсон қалбининг нозик туйғулари, она Ватанга муҳаббат ҳисси ва ҳаёт ҳақиқатларини теран ёритишдаги маҳорати ҳамда ижодининг машаққатли меҳнати алоҳида таъкидланди.

— Инсон умрининг мазмунида китобнинг ўрнини бошқа бирор нарса боса олмайди, — дейди М. Калонов. — Зеро, китоб ҳамма давр ва барча халқларнинг энг улкан кашфиёти сифатида ўзининг мўъжизакор ва сеҳрли кучи билан неча-неча авлодларга маърифат, маънавият ва зиё таратиб, шу зиё ёғдусидан тараққиёт одими илдамлайди, жаҳолат устидан маърифат ғалаба қилади.

Фото: Бобур Мамадиёров/«Халқ сўзи»

Шундан сўнг университетнинг хорижий тиллар факультети тадқиқотчилари ҳамда талабалари шоир ижодининг тожик, қозоқ ва қорақалпоқ тилига ўгирилган шеърларидан намуналар ўқиб, қўшни халқлар адабий алоқаларининг мустаҳкамланишидаги ўрнига алоҳида тўхталдилар.

Кечада муаллиф бир қатор асарлари хусусан «Синов» достони ҳамда «Шовқин ичидаги даъваткор овоз» каби публицистик асарларининг яратилиш тарихига тўхталиб, бугун дунё афгор оммасини ўйга солган муаммолар айниқса ўсиб келаётган ёшлар қалбини забт этиш, турли кўринишдаги ёт ғоялар орқали уларни ўз тарихи, миллий қадрият ва урф-анъаналаридан мосуво қилишга уриниш, мутолаадан йироқлашган жамиятда хамирдан қил суғургандек осон кечишини алоҳида таъкидлашди.

Фото: Бобур Мамадиёров/«Халқ сўзи»

Тадбир иштирокчилари муаллиф билан юзма-юз мулоқотда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

Тадбир доирасида таниқли адиб Ўткир Раҳматга Навоий давлат университетининг фахрий профессори унвони тантанали равишда топширилди.

Фото: Бобур Мамадиёров/«Халқ сўзи»

Ижодий учрашувнинг адабий-бадиий қисмида талабалар шоир қаламига мансуб шеърларга басталанган қўшиқлардан ижро этиб, даврага файз киритишди.

Мазкур учрашув нафақат китоб тақдимоти, балки ижодий мулоқот, адабиёт, сўз байрами билан уйғунлашиб, кеча иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер