Тилимиз камбағал эмас

09:50 15 Октябр 2025 Жамият
161 0

“DOMOVOY”, “BUKVARI MEXROJ-IMRONA” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан ўрнатилган ташқи реклама давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига зид равишда жойлаштирилгани аниқланди. Ҳар иккала корхона қонун доирасида жаримага тортилди. Умуман, вилоят ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари, вилоят рақобат бошқармаси ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари ўтказган ўрганиш ишлари натижасида тегишли қонун талабларини бузган жами 19 та тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий жарималар қўлланилди.

Аммо адолат нуқтаи назаридан айтиш керакки, вилоятимизда кейинги пайтда ташқи реклама ёзувларини давлат тили тўғрисидаги қонун талаблари асосида ёзишга эътибор кучайди. Ваҳоланки, яқин-яқингача аксарият ташқи ёзувларнинг ажнабий тилларда битилганлиги кўзга ташланарди. Бунга соҳага оид қонунчиликдаги номувофиқликлар асосий сабаб бўлаётганди. Негаки, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни 20-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин” деб кўрсатилгани ҳолда ўша пайтда амалда бўлган “Реклама тўғрисида”ги Қонунда реклама тилини реклама берувчининг ўзи белгилаши қайд этилганди. Шу боисдан аксарият тадбиркорлар ташқи ёзувларни тартибга келтириш борасидаги тушунтиришларимиз чоғида нисбатан кейинроқ қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги қонунга таянишганини айтишар, ҳуқуқий жиҳатдан ҳақ ҳам бўлиб чиқишарди.

Янги таҳрирда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг реклама тилига оид 6-моддасида реклама матни давлат тилида ёзилиши мажбурийлиги, тадбиркорнинг хоҳишига қараб унинг бошқа тиллардаги таржимаси давлат тилидаги ёзувга нисбатан кичикроқ ўлчамда берилиши белгиланди.

Албатта, етарлича ҳуқуқий жиҳатдан асосларга эга бўлганимиздан сўнг тадбиркорлар ўртасида реклама ва бошқа ташқи ёзувларни давлат тили талабларига мослаштириш борасида ҳар бир маҳалла кесимида тарғибот ишларини олиб бордик. Шунингдек, ташқи реклама воситаларини чоп этувчи ва тайёрловчи ҳар бир тадбиркорлик субъекти билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, “телеграмм” тармоғида алоҳида услубий кўмаклашув гуруҳи ташкил этдик. Тадбиркорларга буюртма сифатида келиб тушган ҳар бир реклама ёки ахборот матнини гуруҳга узатиш йўлга қўйилди. Тегишли тилшунос мутахассислардан ижобий лингвистик хулоса олингандан сўнггина уни чоп этиш амалиёти жорий этилди.

Натижада вилоят ҳудудидаги барча 6х3 ўлчамдаги ташқи реклама конструкциялари, ЛЕД экранлардаги ёзувлар “Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунлар талабларига тўла мослаштирилди.

Умуман, биргина жорий йилда хорижий тилда битилган ёки хатоликлар билан ёзилганлиги аниқланган беш мингдан ортиқ пешлавҳа ва реклама ёзувларининг барчаси тартибга келтирилди. Албатта, бу борада барча ишлар якунига етказилди, деган фикрдан йироқмиз. Айрим тадбиркорлар томонидан дўконлари пештоқида номлар, кўрсатилган хизмат турларини бошқа тилларда ёзиш ҳолатлари учрамоқда. Бунга назаримизда, баъзи фуқароларнинг номлар ва хизмат кўрсатиш турларининг ўзбекча муқобилига кўника олишмаётгани сабаб бўлмоқда. Республика Атамалар комиссияси томонидан тасдиқланган хорижий сўзларнинг давлат тилидаги муқобилини тарғиб этиш борасидаги ҳаракатлар зое кетмайди, деган умиддамиз.

Шу ўринда даҳо ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг бир сўзини ёдга олган ҳолда мақолага нуқта қўймоқчимиз: “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”.

Акбар РУСТАМОВ,

Бухоро вилоят ҳокимининг маънавий – маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер