Тили борлар эмас, тилни билганлар гапирсин...

Яқинда бир билим даргоҳида бўлдик. Шиору паннолар эътиборимизни тортди.Улар хатолардан холи эмасди. Ўқитувчиларнинг ўзаро сўзлашувига қулоқ тутдик. Муаллимлар ўз нутқларида ажнабий сўзлардан фойдаланишар ва бу улар учун одатий ҳолга айлангани яққол сезилиб турарди. Шунда беихтиёр ёдимизга ўтган асрнинг 70 йиллари, забардаст олим Мустақим Мирзаев ёдимизга тушди.
Ўшанда очиғи, китоблар, даврий нашрлар чоп этилаётганида уларнинг ўқувчи қўлига имловий хатоларсиз етиб боришига жиддий ёндашилар, телевидение, радио орқали бериладиган кўрсатув, эшиттиришлар материалларидаги ўзбек тили софлигига эътибор баланд эди. Бироқ, муҳтарам устозимиз ҳар куни республикамиздаги обрўли нашриёт, таҳририят, телевидениега мактуб жўнатиб, уларнинг хатоларини кўрсатишдан эринмасди. Соҳа масъулларини тилни ардоқлашга, сўзларни ўз ўрнида ишлатишга ундар, ҳушёрликка даъват этарди.
Бухоро давлат педагогика институти ( ҳозирги БухДУ) да фаолият юритган филология фанлари доктори Мустақим Мирзаев ҳозир ҳаёт бўлганида она тилимизга бўлган муносабат, оғзаки ва ёзма нутқлардаги хатоларни кўриб, қандай аҳволга тушарди, дея ўйланиб қоласан, киши.
“Тил — миллатнинг қалби. Тил — ғоя, туйғу, тафаккурнинг жонли мужассамидир”, деган эди буюк адиб Л. Толстой.
Бугун тилимиз миллат ғурури,тафаккурнинг жонли мужассами бўляптими?
Гарчи, юртимизда ўзбек тилини ҳимоя қилиш учун махсус Қонун ва қарорлар чиққан, 21 октябрь ўзбек тили байрами сифатида нишонланаётган бўлса- да, она забонимизга эътиборни тубдан қайта кўриб чиққанимизча йўқ. Мана,телевизор қўямиз. Тўрт-беш ёш-яланг чиқиб сўзларни бузган ҳолда шевада талаффуз қилаверади. “Ҳой, тўхта!» дейдиган мард йўқ. Меъдага тегиб кетадиган реклама ва эълонлардаги тилбузарларнинг хатоларини айтмайсизми?
Ҳозир китоб чиқариш мусобақага айланган. Бор бўлгур нашриётдагилар китоб чоп этмоқчи бўлганларни қучоқ очиб кутиб олади. Лекин “чалажон”,“ ”бечора“ китобларни варақлаб ”дод” дейсиз! Ана хатою, мана тилни хор этиш!..
Ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалар, мулоҳазалар ва бошқа алламбалолар тилни бузиш эмас, балки ер билан яксон қилишнинг енг юқори чўққисига чиқди.Чунки уларни ҳеч ким назорат қилмайди. Сўкинадими, ажнабий сўзларни аралаштириб гапирадими, хато ёзадими, барибир!
Бошқача айтганда, тилни билганлар эмас, тили борлар гапиряпти.
Сўзларни бузиб, нотўғри талаффуз этаётганимиз, ижтимоий тармоқлар, телевидение, радио, ОАВ ҳамда китоблардаги имловий хатолар, ғализ жумлалар тилимизни беҳурмат қилишдан бошқа нарса эмас. Ваҳоланки, у — сержило, жозибадор, бой. “Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”, деган эди бундан юз йиллар аввал Абдулла Қодирий.
Назаримда, ҳозир Қодирийдек, Мустақим Мирзаевдек тилимиз фидойилари етишмаяпти.
Махфират АТОЕВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Ўзбекистон терма жамоаси Қувайт билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг