Тиббиёт кластери: Сармоя қандай самара бермоқда?
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Президентимизнинг 2021 йил апрель ойида «Zarmed pratiksha hospital group» клиникасига ташрифи давомида берган топшириғига биноан, Бухоро шаҳрида илк хусусий нодавлат таълим муассасаларидан бири – «Zarmed» университети ишга туширилиб, шу номдаги тиббиёт кластерига асос солинганди. Ўзсаноатқурилишбанк томонидан мазкур кластернинг Бухоро ва Самарқанд шаҳарларидаги шўъба корхоналарига пресс-тур уюштирилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари кўп тармоқли клиникалар ҳамда тиббий таълим муассасалари фаолияти билан таништирилди.
Сир эмас, соғлиқни сақлаш соҳасидаги туб ислоҳотлар аҳоли ва тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Жойларда юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатиш қамрови кенгаймоқда. Хориждан инвестициялар ва малакали мутахассислар жалб этиляпти. Тиббий туризм ва хизматлар экспорти, тажриба алмашув ривожланмоқда. Буни «Zarmed пратикша ҳоспитал гроуп» қўшма корхонаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу корхона Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигида ташкил этилган. Кейинчалик кўп тармоқли тиббиёт марказининг Бухоро, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида ҳам филиаллари ишга туширилди.
Уларда тиббиётнинг кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, эндоскопик жарроҳлик, ортопедия ва травматология, урология ва гинекология, отоларингология каби 15 дан зиёд йўналишида аҳолига хизмат кўрсатилмоқда. 200 дан ортиқ малакали шифокор ва ҳамширалар ишга жалб қилинган. Шунингдек, АҚШ, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Жанубий Корея каби ривожланган давлатларнинг малакали мутахассислари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тиббий марказларда бир вақтнинг ўзида минг кишига хизмат кўрсатиш имконияти бор.


– Яқин ўтмишда вилоятларимизда айрим мураккаб турдаги жарроҳлик амалиётлари бўйича кадрлар етишмовчилиги мавжуд эди, – дейди «Zarmed» тиббиёт кластери таъсисчиси, «Дўстлик» ордени соҳиби Дилшод Шукруллаев. – Клиникамиз ўз фаолиятини бошлаган кезларда беморларга халқаро андозалар даражасида хизмат кўрсатиш учун ортопедия ва травматология, юрак ва мия қон-томир касалликлари бўйича жарроҳларни чет элдан жалб қилганмиз. Кейинчалик маҳаллий шифокор ва ҳамшираларнинг ҳам хорижда тажриба оширишини йўлга қўйдик. Бугун замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни ўзимизда тайёрлаш имконига эгамиз.
Пресс-турда журналистлар Бухородаги «Zarmed» университетида талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Хусусан, замонавий ўқув ва лаборатория хоналарида бўлиб, машғулотларни кузатишди.
– Олий ўқув юртимизда айни пайтда 6 минг нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда, – дейди университетнинг халқаро бўлим бошлиғи Шоҳсанам Орзуева. – 22 та йўналишда кадрлар тайёрланмоқда. Ёшларимизнинг замонавий билимларни эгаллашлари учун барча қулайликлар яратилган.
– «Zarmed»да ўқиётганимдан хурсандман, – дейди яна бир суҳбатдошимиз Хуршида Рўзиқулова. – Болалигимдан шифокор бўлишни орзу қилардим. Ҳозир даволаш йўналишида таҳсил оляпман. Келгусида эл-юрт корига ярайдиган малакали мутахассис бўлиб етишаман, албатта.


Университетнинг клиникасида талабалар назарий билимларини амалиётда қўллаш имконига эга. Клиника бош врачи Сурайё Ҳамроева таъкидлаганидек, Бухорода биринчи бўлиб, мазкур гўша энг сўнгги русумдаги замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозланган. Ҳар куни 70 – 80 нафар беморга хизмат кўрсатиляпти.
Айтмоқчи, 2024-2025-ўқув йилида «Zarmed» университетининг Самарқанд шаҳридаги кампуси ҳам ишга туширилди. Ушбу икки ҳудуддаги олийгоҳлар бакалавр, магистратура ҳамда клиник ординатура босқичларида жами 9500 дан зиёд талабаларга 5 та йўналиш ҳамда қарийб 30 та мутахассислик бўйича кундузги ва сиртқи шаклларда таълим бериб келинмоқда.
– Мазкур лойиҳаларни тадбиқ этишда Ўзсаноатқурилишбанкнинг молиявий мадади катта бўлди, – дейди «Zarmed» университети бош директорининг молия, маркетинг ва матбуот хизмати масалалари бўйича ўринбосари Амирхон Далеров. – Хусусан, банк томонидан Бухоро шаҳридаги университет фаолиятини кенгайтириш ҳамда Самарқанд кампусини барпо этишга 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит ажратилди. Натижада, 485 та доимий иш ўрни яратилди.
Журналистлар яқин истиқболдаги режалар билан ҳам қизиқишди. Маълум бўлишича, «Zarmed» техникумини ишга тушириш, «Zarmed pratiksha hospital group» клиникаси ҳамда «Zarmed» университетлари географиясини янада кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг