Тарвуз бозорини ким назорат қилади?

— Ҳар йили шу — ғаллага ўроқ тушгач, фермер билан гаплашиб, тарвуз-қовун экишга тушаман. Масалан, бу йил 5 гектарлик пайкални 60 млн. сўмга ижарага олдим — саратоннинг бошидан кеч кузгача. Уч гектари арпанинг ўрнига экилган тарвуз эди, эрта етилди. Биринчи ҳосилдаёқ 20 мингта тарвуз уздим. Донасини 18 минг сўмдан пулладим. Шунинг ўзи 360 млн. сўмдан ошди.
Энди хом-чўт қилайлик: уруғликка 2,5 млн., ерни бир марта ҳайдашу экинга уч карра минерал ўғит, суспензия сепишга 15 млн., иш ҳақига 5 млн. сўм кетди. Хуллас, сарф 82,5 млн. сўм, бунга кутилмаган харажатларни қўшган тақдирда ҳам, жами 90 млн. сўм сарфладик, дейлик. Ҳали тарвуз ҳосилининг иккинчи ва учинчи узиши бор, буям камида 300 млн. сўм даромад келтиради. Агар кузини берса, 2 гектардаги тарвузим ҳам пишади ва жами даромад 1 млрд. сўмдан ошади. Ана шунда мендан ўтадиган деҳқон бўлмайди Арнасойнинг Бўстон қишлоғида!
— Сиз-ку ерни ижарага олиб деҳқончилик қиляпсиз, фермерларнинг ўзи ҳам тарвуз-қовун экканми?
— Эккан, аммо камроқ. Энди афсус қиляпти, кўпроқ эксам бўларкан, деяпти. Чунки ўтган йилгидан фарқли равишда бу йил тарвуз-қовуннинг бозори чаққон бўлди-да.
— Сув қандай, етарлими?..
— Ҳамма гап шунда-да, сув тақчил, айрим пайкалларга сув етиб бормайди. Бўлмасам, эҳ-ҳе, қанчадан-қанча ер бор Арнасойда, қани энди ғалладан бўшаган жойларнинг ҳаммасига экин экилсайди. Кўпчилик ўтган йили тарвузни ҳеч ким сўрамай қўйгани, оқибатда деҳқонлар катта зарар кўргани боис бу йил қўл силташди. Биз эса экдик, Асқар акам билан шерик бўлдиму, таваккал дея такрорий экинга куч бердик. Қаранг, бизнинг пайкалда бирорта бегона ўт йўқ, сўлиган палак ҳам учрамайди. Чунки ерга уруғ тушгандан бери кўрпа-тўшагим билан шу пайкал ўртасига чодир тикканман. Ўзим деҳқон, ўзим қоровул, чопиққа, бегона ўтни йўқотишга келган ишчиларга ошпазлик ҳам қиламан. Натижа кўриб турганингиздек зўр.
— Бу ҳудудни Бўстон маҳалласи дедингизми? Сир бўлмаса исмингиз...
— Аҳрор Баратов, аммо ҳамма Деҳқонбой дейди, ёш бўлсанг-да, тарвуз-қовун етиштиришга устасан, дейишади. Очиғи, экинга ишловим бошқалардан ортиқ эмас, аммо ерга меҳрим баланд.
— Тарвузни кўтарасига сотдим дедингиз, харидорлар шу ерликми?
— Ҳа, албатта. Сотиш уларгаям тирикчилик-да. Айтайлик, мендан ҳозир килосини 2 минг сўм атрофида олса, “бетонка” бўйидаги бозорда икки яримга чиқариб пуллайди, баъзан Тошкентдан харидорлар келишади. У ёқларда тарвузнинг килоси 3 минг сўмдан баланд дейишади. Аслида бизга фарқи йўқ, харидор тўловни насия қилмаса бас. Нақди асал-да.
...Арнасойдан қайтар чоғ Аҳрор Баратов тилга олган “М-39” автомобиль йўлининг бўйидаги қовун-тарвуз бозорига назар ташладик. Сотувчи кўп, харидор ҳам оз эмас, аммо маҳсулотнинг сифатига жавоб берадиган мутахассис ҳам, унинг ишхонаси ҳам йўқ. Бозор дегани устигина ёпиқ ҳолдаги расталардан иборат, холос. Терминал, банк картаси деган нарсаларни на сотувчилар, на харидорлар билади. Нақд пулим йўқ-да, десангиз “клик” қиворинг, дейишади. Туну кун одам тинмайдиган ва доимо гавжум бўладиган бу бозорда чакана пул айланмайди. Энди савол туғилади: нега бу пул банкдан ташқарида, солиғи тўланмасдан қовун-тарвузлар устида думалаяпти?..
Агар чиройли ойнаванд дўконлар бунёд этилса, сотувчи махсус кийимда тўлиқ текширувдан ўтган қовун-тарвузларни харидорга таклиф этса, бу нархга таъсир қиладими? Бу — биринчи масала, масаланинг иккинчи томони шундаки, яхши шарт-шароит яратилса, мутасаддилар Оқолтин тумани қовун-тарвуз бозорига чет эллик сайёҳлару бизнесменларни ҳам таклиф этиши, келинчакнинг гўшангасидек безатилган бозорда қовун сайли доимий ўтказилиши мумкин. Шу тариқа биз юртимизнинг яна бир гўшасини гастрономик туризм масканига айлантирган бўлар эдик.
Меҳмонлар шу ернинг ўзида қовун қатори тарвузни ҳам тилимга ажратади, татиб кўради, сўнг мамнунлик билан бошини чайқайдию харидорга айланади. Ўшанда давлат Қазнасига тушадиган мўмайгина солиқ салмоғи ҳам пайдо бўлади. Бундан давлат ҳам, тарвуз-қовун етиштириб дастурхонга қадар етказиб келаётган деҳқону уддабурон кишилар ҳам бирдек манфаат топади. Шундай эмасми?..
Абдунаби АЛИҚУЛОВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг