Тафаккур шайдоси
Фото: Архив сурат
Гапни бошидан бошлаймизда.
Абдураҳим Эркаев билан дастлаб танишганимиз.
Бир куни таҳририятга уч киши кириб келди: файласуф олим Шодмон Азизов, адабиётшунос опамиз Гулчеҳра Расулова ва менга нотаниш бир йигит; яқин ўттиз йиллик гап, у вақтда ростдан ҳам йигит дегулик. Уч ҳамюрт. Университетда бизга дарс берган Шодмон ака “олдинга ўтиб”, нотанишни таништирдилар: Абдураҳим Эркаев, адабиётшунос, файласуф, Абдулла акангизнинг жияни. Меҳмон бир қарашда машҳур шоиримизни эслатмайроқ турсада, гап бошлаганидан сўнг ўзгинаси бўлди-қолди: сўз оҳанги ҳам, овозию кулганида яшнаб жилмайишлари ҳам.
Бу қадар қуюқ таништирилишининг сабаби ҳам бор экан. Янги меҳмонимиз мақола ёзибдилар, биттагина! Фан номзоди, университетда талабаларга дарс ўқийдиган одам азбаройи журъат қилиб қоғоз қоралабдиларда, нимаси айб? Шодмон домламиз эса маҳлиё: фикрлари бошқача, менга маъқул, бир ўқиб кўрсангизлар.
Ишонсангиз, мақола деганимизнинг сарлавҳаси ҳам йўқ эди. Майли деб ўқиб кўрдик. Ўқидигу журналнинг янги тайёрланаётган сонига узатиб юбордик. Чиқди. Ҳамма сўраб-суриштирган, ҳаммага маъқул.
Масала-мавзусига кўра мақола журналнинг бош қисмига ярашиқ эди. Дастлабки саҳифаларни варақлабоқ кўзингиз тушади: Абдураҳим Эркаев. Ажабки, мана яқин ўттиз йил бўлади, ҳурматли муаллифимизнинг мақолалари ҳамиша айнан шу саҳифаларга жойлаштирилади. Тадқиқотчиларимиз эса буни кўриб ҳайрон, агар муқовасига қараб журнал санасини аниқлаб олмасангиз, худди қайта-қайта бир сонни варақлаётгандек бўласиз, деб кулишади.
Журналда эълон қилинган мақолаларнинг саноғини муаллифнинг ўзи билмаса, биз – таҳририят аҳли санаб кўрганимиз йўқ. Лекин муҳими шуки, бу мақолалар ҳамиша “Тафаккур”ни безаб келган – долзарблиги билан, асосли, оҳорли мулоҳазаларга бойлигию дадиллиги билан.
Бизни мамнун қиладиган яна бир жойи – илк мақоласига сарлавҳа қўйишни унутган муаллифимиз ижодий ҳамкорлигимиз бошланган ўша дамларни алоҳида мароқ билан эслайди, ҳамон катта-кичик йиғинларда “Тафаккур”дан миннатдорлигини таъкидлаб келади, таҳрир ҳайъатининг аъзоси сифатида ҳамон бир қўли биз томонда.
Буни кўрингки, ўша тажриба мақоладан бошланган завқ, илҳом олимимизни катта-катта марраларга олиб келди. Бугун у киши маънавият ва маърифатга, ижтимоий фалсафага оид кўпдан-кўп китоблар, қўлланмаю дарсликлар муаллифи; жамиятнинг мақсади, миллатни олға бошловчи ғоялар тадқиқи билан банд бўлган пешқадам назариётчи олимлар сафида маҳкам турибди.
Абдураҳим Эркаев билан дунёнинг энг мураккаб, ғалвали масалаларидан тортиб кундалик турмушнинг инсон шахсий ҳаётига дахлдор икир-чикир мавзуларигача бемалол муҳокама қилиш мумкин. Албатта, ёш ўтган сайин маълум тажрибалар юки остида кишида фикрий чарчоқлик, эски қолипларга мойиллик ҳам пайдо бўлиши мумкин. Камина Абдураҳим ака билан учрашганда, суҳбат асноси ҳар гал беихтиёр шу ҳолни ахтараман ва ҳар гал адашганимни сезаман: мулоҳазаю мушоҳада, кузатиш ва хулосалар ҳамон янги, жонли, бугунги таъбирда – креатив! Тағин муҳими, сиёсий об-ҳавою мавжуд шарт-шароит, муайян қолиплар тазйиқидан мутлақо холи – мустақил!
Фикрлашдан чарчамаган одам қаримайди.
Қаримагайсиз, Абдураҳим ака!
Эркин АЪЗАМ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси,
“Тафаккур” журнали бош муҳаррири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида
- “Енгилмас: Токиога йўл” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
- Тошкентда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилмоқда (фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг