Тадбиркор - элу юртга мададкор

17:10 21 Февраль 2023 Жамият
650 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорларга турли имтиёзлар бериш орқали уларнинг фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Мақсад аниқ - тадбиркор бойиса, ривожланса, яна янги-янги ташаббусларни амалга оширади, натижада қўшимча иш ўринлари яратилади, ҳудудларда ишлаб чиқариш салмоғи ортади, хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади.

Буни Қарши туманида фаолият юритаётган “Тараққиёт сари сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Асомиддин Раҳмонов фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

У уч йил аввал туманнинг Хонобод маҳалласи ҳудудида гидропоника усулида 20 гектар майдонда замонавий иссиқхона барпо этиб, бир неча турдаги полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришни бошлаган эди. Айни вақтда бу ерда етиштирилган маҳсулот пешма-пеш ички бозорга етказиб бериляпти. Эндиги кўзланган мақсад эса халқаро бозорга чиқишдир.

— Шу боис бу йил асосий эътиборни экспортбоп полиз ва сабзавот кўчатларини экишга қаратяпмиз, — дейди табиркор. — Иссиқхонанинг 12,5 гектар майдонига сара нав кўчатлар ўтқазмоқчимиз. Маҳсулотни етказиб бериш бўйича россиялик ва қозоғистонлик ҳамкорларимиз билан келишувга ҳам эришдик.

Эътиборли томони, тадбиркор иссиқхонанинг ўзи билан чекланиб қолаётгани йўқ. Тўпланган сармояни -янги лойиҳаларга йўналтирмоқда. Айни вақтга қадар жамият тасарруфида 10 гектарлик мевали боғ барпо этишни уддалади. Эндиликда эса хориждан зотдор қорамолларни олиб келиб, йирик чорвачилик тармоғини йўлга қўйиш ҳаракатида.

 

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?