Табиий ёдгорликларга эътибор қандай бўлмоқда?

16:39 19 Май 2023 Маданият
745 0

Фото: «Халқ сўзи»

100 йил умр кўриш инсон учун катта муддат ҳисобланади. Бироқ, чинор дарахти учун бу кам вақтдир. Андижон вилоятида юзлаб узоқ йиллик дарахтлар бўлиши мумкин эди, афсуски, ўз вақтида уларни асраб қолишнинг имкони бўлмаган. Бироқ, содир этилган, йўл қўйилган хатолардан хулоса чиқарган ҳолда  мавжудларини асраш, парваришлаш учун етарли шароитга эгамиз. Шу боис Табиат ресурслари вазирлигининг Андижон вилояти бошқармаси томонидан ҳудуддаги 19 та 100 ёшдан ошган чинор дарахтларининг рақамли маълумот базаси яратилган. Энди улар табиий ёлгорлик сифатида ҳимояланмоқда.

- Бир пайтлар вилоятнинг ҳар бир шаҳар, туман ва қишлоқларида ўн минглаб чинор дарахтлари парваришланган,-дейди бошқарма масъул ходими Лочинбек Исомуддинов. –Улардан  минтақадаги захликни қочириш, ботқоқликка бархам беришда  кенг қўлланилган. Ҳозирда Асака, Балиқчи, Марҳамат, Хўжаобод, Қўрғонтепа туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида  ўша дарахтларнинг авлодлари мавжуд. Бу чинорларнинг узоқ умр кўриши уларга бўлган эътиборга боғлиқ. Шу боис дарахтларга оид маълумотлар шунчаки юритилаётгани йўқ, балки, ҳимояси билан бир қаторда парваришига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. 

Хонобод шаҳрининг "Меҳмонобод"  МФЙдаги  “Фозилмон ота” зиёратгоҳидан одамлар аримайди. Зиёратгоҳдаги икки туп чинор эса ўз соя-салқини ва бахайбат танаси билан ташриф буюрувчиларнинг диққатини ўзига жалб этади. Шу боис улар ҳақидаги барча маълумотлар шу атрофдаги ёзувларда ўз ифодасини топган. Унда маълум қилинишича, чинорлар 1900 йили Фарғона (собиқ Скоболев) шаҳридан олиб келинган ва шу ерга экилган экан. 

- Чинорларнинг табиий ёдгорлик сифатида давлат ҳимоясига олинганлиги қувонарли, албатта,-дейди зиёратчи Рустамжон Абдуфаттоев. –Боиси, бугун бу каби улкан дарахтларни учратиш қийин. Уларни асраб-авайлаш керак. Зеро, ҳар бир мавжудот табиат инъом этган умрни яшаши керак. Бу чинорлар ҳақидаги маълумотлар эса зиёратчиларнинг эътиборини тортиб, қизиқишини оширади. Кечаги тарихимиз гувоҳлари бўлмиш ўсимлик дунёси бизни ўйлашга, маълумотларимизни тахлил қилишга ундайди. Уларга бўлган меҳримиз шу тариқа ортади. 

Маълумотларда баён этилишича, чинор дарахтлари қулай шароитда 2500 йилгача умр кўради. Танасининг айланаси 18, бўйи 50 метргача етиши мумкин. Ўзбекистон шароитида Сурхондарё, Наманган ва Самарқанд вилоятларида 800 ёшли чинорлар мавжуд. Хўш, Андижон вилоятида ҳам уларни узоқ йиллар давомида парваришлашнинг имкони борми?  Бу табиийки, бугунги эътибор, парвариш ва ҳимояга боғлиқ. Шундай экан, бошқарма томонидан бу борада амалга оширилаётган ишлар хайрлидир.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер