Табиатни хафа қилманг!

11:21 08 Август 2025 Жамият
139 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ёз ойларида дилбар Фарғона табиати янада фусункор бўлади. Бу мавсумда вилоятнинг сўлим масканлари ҳамиша меҳмонлар билан гавжум. Аммо сўнгги йилларда бундай гўшаларда ҳордиқ чиқараётган пайтда кайфиятни бузиб, таъбингизни хира қиладиган ҳолатлар ҳам афсуски, учраб туради.

Айтайлик, бир гуруҳ дўстлар билан табиат бағрида, муздек зилол анҳор устига ўрнатилган супада ҳордиқ чиқараётган пайтда кўзингиз қувурларда йиғилиб қолган турли чиқинди, ахлат уюмига тушса, албатта, кайфиятингизни бузилади. Шарқираб оқаётган сув юзида бўшаган елим идишлар, қовун-тарвуз пўчоқлари, турли егуликлар қолдиқлари сизда яхши таассурот қолдирмайди. Ранжийсиз, ҳордиқ ҳам сизга татимайди.

Энг ёмони эса дам олувчилар турли ширинлик, егуликлар қолдиғини ҳеч иккиланмай солланиб оқаётган зилол сувга отади. Кутилмаганда улардан бири тиниқ сувда оёқларини ювади, иккинчиси чала тишланган мевани сувга отади, кимдир писта чақиб, пўчоғини сувга ташлайди... Бу сувда нон, болалар тагликларигача оқишини тасаввур этишнинг ўзи даҳшат. Шарбатга тўлиб пишмаган мевали боғлар, гулзорларни пайҳон қилиш, манзарали дарахт ниҳолларини синдириш ҳолатлари янада ачинарлидир. Афсуски, бу каби кўнгилни зада қилувчи ҳолатлар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин.

Фарғона туманининг Водил, Чимён, Еттибулоқ, Аввал, Дамкўл, Саткак сингари маҳаллалари ҳудудидаги дам олиш масканларида бундай нохуш манзараларни ҳар қадамда учратасиз. Аён бўладики, табиатга дўстона муносабат, жаннатмакон диёримизнинг табиий неъматларини эҳтиёт қилиш борасида ҳали ислоҳ қилиш керак бўлган қусурларимиз етарли. Аксинча бундай ҳолатларда жамоатчилик назорати, фаол фуқаролик позицияси етишмайди. Аксарият ҳамюртларимиз бу каби ҳолатларга дуч келганда «Сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилида иш тутади.

— Туризм ривожига бўлган эътибор ва рағбат туфайли кейинги йилларда вилоятимизга маҳаллий ҳамда хорижлик сайёҳлар оқими ҳам сезиларли даражада ошди, — дейди Фарғона вилояти туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Музаффар Темиров. — Хусусан, биргина жорий йилнинг ўзида вилоятга қарийб 500 минг нафар хорижлик сайёҳни жалб этиш мақсад қилинган. Улар асосан табиат ёдгорликлари, хушманзара туризм манзилларига боришни хуш кўришади. Шунга монанд равишда табиат қўйнида жойлашган оилавий меҳмон уйлари, хизмат кўрсатиш мажмуалари, туризм маршрутлари сони тобора ортиб бормоқда. Ана шундай шароитда бундай масканларни саранжом-саришта сақлаш, табиатга дўстона муносабатда бўлиш жуда ҳам муҳимдир.

Айни жараёнда ҳар бир дам олиш маскани, дарахт ёки яшил табиат хиёбони, сув бошига биттадан назоратчи қўйишнинг имкони йўқ. Назоратчилик туйғуси ҳар бир ҳамюртимизнинг виждони, қалбида бўлиши лозим.

Шу ўринда донишмандлардан бирининг «Агар сен табиат билан ҳисоблашмасанг — табиат сен билан ҳисоблашади», деган ҳикматли иборасини эсга олиш жоиз. Бу кўҳна, лекин ҳеч қачон эскирмас фикр нақадар ҳақиқатга яқин эканлигини бугун барчамиз англаб етмоқдамиз.

Янгиланган Конституциямизнинг 62-моддасида ҳам шундай дейилган: «Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар». Аслида тозалик, покизалик, биз учун қадрли бўлган неъматларни исроф қилмаслик халқимизнинг азалий удумларидан бири саналади.

— Яширишга не ҳожат, ҳозирги кунда баъзи ҳамюртларимиз хонадонидан чиққан ахлатни ариқ ва сойлар, каналларга оқизиб юбораётгани, катта йўл бўйларига ташлаб кетаётгани, дарахтларни нобуд қилаётгани барчамизга яхши маълум, — дейди халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати Шерзод Каримов. — Бу борада фаол депутатлик, жамоатчилик назорати ўрнатилган. Аммо дахлдорлик ва масъулият туйғуси ҳар бир маҳалла, оила кесимида тўлиқ шаклланмас экан, эзгу мақсадга эришиш қийин бўлади. Айни йўналишда маҳаллий Кенгашлар депутатлари тегишли мутасадди идоралар билан ҳамкорликни замонавий мезонлар асосида такомиллаштиришимиз бугунги давр талаби ҳисобланади.

Умуман олганда, ушбу масалага ҳеч қачон кичик ёки арзимас муаммо сифатида қарамаслик, ҳамиша у ҳақда бонг уриш, жиддий тарзда барчани огоҳликка чорлайвериш фойдадан холи бўлмайди. Асло унутмайлик: кўча ёки катта йўл бўйи, гўзал табиат масканидаги битта ўринсиз хатти-ҳаракатимиз аслида ҳар биримизнинг юзимизга тутилган кўзгудир. Шу боис, она табиатни ҳеч қачон хафа қилманг.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?