“Табассуминг ёдимда ҳамон...”

20 январь — Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон таваллуд топган кун
ЭРИБ КЕТАР ХИРА ТУМАНЛАР…
Эриб кетар хира туманлар,
капалакдек уйғонар ялпиз.
Осмон дарё бўлиб туюлар,
ўтлар узра чопқиллайди кўз.
Қайрағочнинг гули – митти жом –
жаранглайди – таралар атир.
Ва тушларга кирар бу оқшом
майсаларни қучоқлаб адир.
Шамол елар эркин, қутуриб,
қурий бошлар томлар тўсини.
Гуллаётган олчани кўриб
деразалар очар кўксини.
Ёритганча то юрак ичин
сабза ўтлар шабнамга қонар.
Ватанини соғинмоқ учун
ер остида жангчи уйғонар.
1980 й.
БОЛАЛИК
Тунлари осмонга тикилар, аммо
Юлдузсиздир, ойсиздир само.
Баҳорда кўрмайди атиргулларни,
Эшитмас сайраган маст булбулларни
Деразани ювган ёмғирни кўрмас,
Ҳолбуки соппа-соғ, кўзлари кўрмас.
Оёғи остида қор ғижирламас,
Уйин айвонида қуш ғужирламас.
На шивир, на пичир, на ун, на титроқ
Унинг юрагига солар қалдироқ.
Кўксини пайпаслар фақат дамба-дам
Қалбини болалик тарк этган одам.
2007 й.
ТАБАССУМИНГ ЁДИМДА ҲАМОН…
Табассуминг ёдимда ҳамон,
Ёдимдадир хандон кўзларинг.
Кулгуларинг эслайман, бу он
Унутилган ёлғон сўзларинг.
Атиргулнинг баргидай қизил,
Алвон эди табассуминг ҳам –
Эй кўзлари хандон урган қиз,
Наҳот сендан қолди фақат ғам?!
Мен биламан, энг сўнгги палла
Жонсиз қолиб, сирғалса қўлим,
Сенинг… сенинг табассуминг-ла,
Кўзларимга боқади ўлим.
БИЗ БИЛАН
Жасорат туйғуси ёнида,
Қўрқувнинг нафаси биз билан.
Ложувард осмонни тўлдирган,
Қушларнинг қафаси биз билан.
Биз билан боболар армони,
Ҳадикнинг ҳассаси биз билан.
Юртим деб жон берган ботирлар,
Боболар қиссаси биз билан.
Алпомиш Гўрўғли келбати,
Ватан деб ўлмоқлик навбати,
Ялавоч бўлмоқлик навбати,
Хиёнат шарпаси биз билан.
Ой чиқар мозорлар устига,
Кун чиқар бозорлар устига,
Боқармиз ҳеч нима сезмасдан,
Ҳаётнинг ғуссаси биз билан.
* * *
Суйдигимнинг сочлари қора –
Дардим каби.
Суйдигимнинг киприги узун –
Дардим каби.
Суйдигимнинг лаблари ширин –
Дардим каби.
Суйдигимнинг кўзлари яшнар
Дардим каби.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг