Сувнинг ҳам ҳисоби бор
Мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва чиқиндиларни самарали бартараф этишга қаратилган ислоҳотлар узвий уйғунликда амалга оширилмоқда. Бугунги кунда Навоий вилоятидаги 330 та маҳалланинг 201 таси тўлиқ, 113 таси қисман марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Бу вилоят аҳолисининг 85,7 фоизини қамраб олмоқда. Марказлашган ичимлик суви етиб бормаган 16 та маҳаллага эса сув махсус транспорт воситалари орқали етказиб берилмоқда.
— 2017 йилда вилоятимиздаги 55 та маҳалла ҳудудида жойлашган қишлоқларда марказлашган ичимлик суви умуман мавжуд эмас эди, — дейди “Навоий сув таъминоти” АЖ раиси Отабек Зарипов. — Ўтган йиллар давомида 39 та маҳаллага янги сув тармоқлари тортилди. Шунингдек, мавжуд инфратузилмаларни реконструкция қилиш ва қувватларни ошириш ҳисобига 215 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари ҳамда 4 940 та юридик истеъмолчи ҳисоблагичлар орқали ичимлик суви билан таъминланди.
Томди, Конимех ва Нурота туманларидаги олис чўл овулларига марказлашган сув тармоқлари етиб бормаган. Ушбу ҳудудларга “Навоий сув таъминоти” АЖга қарашли 11 та махсус сув ташиш техникаси орқали сув етказиб берилмоқда. Аҳоли мазкур сувни сотиб олади, аммо тушадиган маблағ ҳатто техникаларнинг ёқилғи харажатларини ҳам қопламайди. Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарларида марказлашган ичимлик суви таъминоти харажатларининг муайян қисми жамият томонидан қопланади.
— Одамлар газ ёки электр таъминотидаги қисқа узилишларга чидаши мумкин, аммо сувсизликка бардош бериш жуда қийин, — дейди О. Зарипов. — Шу боис сув тармоқлари, насослар ва махсус техникаларнинг узлуксиз ишлаши ҳаётий заруратдир. Албатта, бу истеъмолчилардан сув учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишни ҳам талаб қилади.
Айни пайтда вилоятда ичимлик ва оқова сув хизматлари бўйича дебитор қарздорлик 19,4 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Бу эса ўтган асрнинг 70–80-йилларида қурилган 269 та сув иншоотларидан 85 таси ҳамда 1 125,9 километр ичимлик суви тармоқлари реконструкцияга муҳтож эканини инобатга олсак, соҳанинг молиявий аҳволи қанчалик жиддий эканини яққол кўрсатади.

Навоий вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан ўтган йил ўтказилган текширувларда 493 та қоидабузарлик аниқланиб, 1 миллиард 246 миллион сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди. Улардан 407 таси ичимлик суви тармоқларига ноқонуний уланиш, 86 таси эса сув истеъмолини ўлчаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар давомида эса 30 та ҳолатда жами 5 миллиард 614 миллион сўмлик сув ресурсларининг талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳолатлар сувдан хўжасизларча фойдаланиш ва сув истеъмоли маданияти ҳали ҳам етарли даражада шаклланмаганини кўрсатади.
Албатта, ҳозирча тўлов интизомини бузган истеъмолчиларни электр ёки газ тармоғидан узиб қўйишдек чораларни сув таъминотида қўллаш мушкул. Бироқ соҳадаги сўнгги ўзгаришлар, рақамлаштириш ва шаффофликни таъминлаш борасидаги ишлар бу муаммоларни босқичма-босқич ҳал этишга умид уйғотмоқда. Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликдаги айрим ноаниқликларни бартараф этиш ҳам долзарб вазифадир. Хусусан, автомобилларни ювиш шохобчалари ва ичимлик сувидан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари учун аниқ сув истеъмоли низомларини ишлаб чиқиш талаб этилмоқда.
— Бугун автомойка очиш истагида бўлган тадбиркор сувга улаб беришни сўраса, рад этиш учун ҳуқуқий асосимиз йўқ, — дейди О. Зарипов. — Шунингдек, 40 метрдан ортиқ чуқурликдан сув олиш учун лицензия талаб этилади. Аммо амалиётда бу жараёнда ҳам қатор ноаниқликлар бор. Натижада ер ости сувларининг сатҳи йилдан-йилга пасайиб бормоқда. Масалан, беш йил олдин 70 метрдан сув чиққан қудуқларда бугун сув сатҳи 110 метрдан пастга тушиб кетган.
– Бу ҳолатлар тизимли тус олаётгани хавотирли, — дейди Навоий вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари Фозилбек Ҳайитов. — Олиб борилган аудитлар натижасида 457 та абонент билан шартномалар имзоланди. 647 та муассасада 118 турдаги камчиликлар аниқланди. Шунингдек, 243 та ер ости сув қудуғини текшириш давомида 112 та камчилик қайд этилди ва уларни бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Бугун Навоий вилоятида сув таъминотидаги муаммоларни фақат эски қувурлар ёки носоз насослар билан боғлаб бўлмайди. Сувга бўлган беписанд муносабатнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётгани эса барчамизнинг фаровон ҳаётимизга жиддий таҳдид сифатида қабул қилиниши лозим.
Темур Эшбоев
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- Табиат ва цивилизация уйғунлашган шаҳар – Сюрихдан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг