«Сув тежашни ўргандик»

16:52 22 Май 2025 Жамият
146 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қувасой шаҳрининг боғдорчиликдаги миришкорлиги билан танилган Сўфон қишлоғи аҳли бир неча йиллардан буён сув таъминоти билан боғлиқ муаммолардан қийналиб келаётганди. Давлат эътибори ва рағбати туфайли 50 Квт қуёш панеллари ёрдамида ишлайдиган сув қудуғининг ишга туширилиши ҳудуддаги 150 та хонадон, 30 гектар экин ер майдонини узлуксиз равишда сув билан таъминлаш имконини берди. Эътиборлиси, муаммони ижобий ҳал этишдаги замонавий ёндашув сўфонлик оилаларга йилига 250 миллион сўмлик электр энергиясини тежаб қолиш учун қулай шароит яратмоқда.

Музаффар Абдураззоқов очиқ электрон аукцион савдоси орқали Қувасой қир-адирларидаги сувсиз ҳудуддан 29 гектар ер сотиб олган. Ҳозирда интенсив ва тежамкор технологиялардан фойдаланиб, бир қарашда деҳқончилик қилиш учун ноқулай ерда мўмай даромадга эга бўлмоқда.

— Бундай шароитда томчилатиб суғориш технологияси таннархни қисқартириб, даромад салмоғини оширмоқда. Бундай сув тежовчи технологиялардан сув тежашни ўргандик, — дейди М.Абдураззоқов. — Давлатимиз томонидан берилаётган имконият ва имтиёзлар оёққа туриб олишимизда асқатяпти.

Жорий йилда вилоят миқёсида 43 млрд сўмлик лойиҳалар ижросини таъминлаш учун 38,1 минг км сув исрофи кўп ариқларни бетонлаштириш ва янгитдан фойдаланишга топшириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар ушбу жараёнда 34,7 км ер ишлари, 33,6 км бетон ишлари бажарилди. Канал ва ариқларда бетонлаштириш ишлари якунлангач, фойдали иш самарадорлиги 90 фоизга ошади. Натижада йилига 60 млн метр куб сув иқтисод қилинмоқда. Хорижий инвестиция ҳисобига сўнгги йилларда вилоятда умумий қиймати 93,5 млн АҚШ доллари бўлган «Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш 2-босқич» лойиҳаси амалга оширилди. «Аввал-Лоғон» насос станцияси қуриб битказилиб, «Исфайрам-Шоҳимардон» насос станцияси реконструкция қилинди. Аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш учун қулай шароит яратиш мақсадида 253 дона янги тик суғориш қудуқлари фойдаланишга топширилди. Бунинг самараси сифатида Фарғона тумани ва Қувасой шаҳрининг 36 минг гектар ердаги сув таъминоти яхшиланди.

— Айни пайтда вилоятда умумий қиймати 54,6 млрд сўм бўлган 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда, — дейди Фарғона вилояти адлия бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Фарҳоджон Ашматов. — Бу маблағ эвазига шаҳар-туманлар ҳудудидан оқиб ўтувчи 45,6 км узунликдаги каналларни реконструкция қилиш ҳамда бетонлаштириш ишлари бажарилмоқда.

Фарғонада сув тежамкор технологияларни қўллаган ҳолда ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишга эришиш жиддий эътиборда. Катта Фарғона каналининг қирғоқ бўйи ҳудудларида узум боғлари, ўрдак боқиш фаолияти ташкил этилмоқда. Қўштепа тумани айланма йўлидаги коллекторнинг 10 км қисмида ўрдак парваришлаш йўлга қўйилгани туфайли ўнлаб янги иш ўринлари яратилди. Катта Фарғона магистраль каналининг мазкур қисмида узум боғи ташкил қилиш ишлари жадаллик билан давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?