Сув мўл бўлса, тадбиркорнинг даромади кўпаяди

12:53 18 Февраль 2025 Жамият
161 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Риштон туманининг «Янгибоғ» маҳалласида яшовчи боғбон Ҳасанбой Қодиров 2 гектар ер майдонида шафтоли ва бодом боғлари барпо этган. Боғ жойлашган даштликларда баҳор нафаси сезилиб, боғбон дарахтларга шакл бермоқда. Қўшни ҳудудда мутахассислар бетон канал қурмоқда.

— «Пандиган» хўжаликлараро канали деб аталувчи ариқ 1966 йилда қурилган, — дейди боғбон. — Умумий узунлиги 4,7 км ни ташкил этади. Сув ўтказиш қобилияти сониясига 2 кубометр. У тумандаги минг гектардан ортиқ суғориладиган майдонларни сув билан таъминлайди.

Канал ишга туширилгандан буён реконструкция қилинмагани сабабли Йилига ўртача 3,5 млн м3 сув йўқотилиши кузатилаётганди. Шу кунларда ирригаторлар оби ҳаёт манбаи бўлган ариқни бетонлаб бериши натижасида «Пандиган» каналининг фойдали иш самарадорлиги 90 фоизгача кўтарилади. Бетонлангандан кейин сувнинг тезлиги ошиши ҳамда фильтрациянинг олди олиниши натижасида йилига ўртача 3,2 млн м3 сув иқтисод қилинади.

«Фарғонасувқурилишинвест» давлат муассасасидан олинган маълумотга кўра, «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» давлат дастури мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда жорий қишлоқ хўжалиги йили олдидан вилоятдаги 5 та ирригация тармоғида каналлар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

—Тошлоқдаги «Рамадон» хўжаликлараро каналида ҳам икки километр масофада тупроқ ўзан бетонлаштирилди, — дейди «Фарғонасувқурилишинвест» ДМ бўлим бошлиғи Ғайратжон Ўринбоев.

Сўх дарёси манба ҳисобланган «Нурсух» канали Ўзбекистон туманидаги қишлоқ хўжалиги субъектларини вегетация даврида сониясига 18 кубометргача ҳажмдаги оби ҳаёт билан таъминлайди. Кейинги йилларда каналнинг маънан эскириши натижасида унга боғланган фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқа ер майдонларини кафолатли сув билан таъминлашда муаммолар вужудга келиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ҳосилдорлик пасайиб кетганди. Таъмирлаш ишлари туфайли йилига 32 млн кубометрдан зиёд сув иқтисод қилиниб, каналдан сув ичадиган аҳоли томорқа майдонлари ҳамда 135 та фермер хўжалиги ихтиёридаги 10 минг гектардан кўпроқ майдоннинг сув таъминоти яхшиланишига эришилади.

Айни кунларда Бувайда туманининг «Кўтарма» қишлоғини оралаб ўтган туманлараро каналда ҳам иш қизғин. Тармоқ бундан юз йил аввал тортилган бўлиб, умумий узунлиги қарийб 18 км ни ташкил этади. Бошдан охиригача тупроқ ўзанли канал охирги йилларда аҳоли зичлашуви, ўзан бўйлаб уй ва иморатлар, дов дарахтлар кўпайгани сабаб фойдали иш коэффициенти кескин тушиб кетганди.

Йил бошидан бери каналда бетонлаштириш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Бундан қишлоқ аҳли мамнун. Эзгу мақсад йўлида «Сирдарё Сўх» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси таркибидаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳам астойдил ишга киришилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?