Суҳайл порлаган кун

11:04 22 Октябр 2025 Жамият
213 0

Жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Фарғона вилоятида Фарғона халқаро тинчлик форумининг биринчи йиғилиши ўтказилди. Нуфузли анжуман бошланишидан олдин илгари хорижий меҳмонлар Риштон туманида бўлиб, машҳур кулоллар фаолияти билан танишди. Уларнинг илк манзили таниқли кулол Шокир Аҳмаджоновнинг музей-устахонаси бўлди.

Кулол Шокир Аҳмаджоновнинг оилавий корхонаси ва музейи қўшқаватли кошонанинг ўзи. Кўрганнинг кўзи қувнайди. Форум иштирокчилари музей-устахона бўйлаб сайр қилдилар. Иккинчи қаватдаги кўза, хумча, товоқ, лаган, пиёла каби минг хил ашёларни томоша қилганлар ҳайратда эди. Чап томонга қўйилган бир товоққа Мирзо Бобурнинг тасвири туширилган.

— Оҳ бу улуғ аждодимиз Бобур Кўрагоний ҳазратлари-ку!—деб юборди буғдойрангдан келган бир киши.

— Ҳа, албатта. Подшоҳи ғозий Заҳириддин Муҳаммад Бобур, ҳоқони мукаррам, султони аъзамимиз, —дея суҳбатга қўшилдим.

Меҳмоннинг исм-шарифини сўрадим.

—Суҳайл Хон.

У дафтаримни олди-да араб алифбоси билан Суҳайл Хон деб ёзди.

Шу лаҳза "Бобурнома"да келтирилган бир байт эсимга тушди:

Ту Суҳайлий, то кужо тобию кужо толиъ шави,

Чашми ту бар ҳарки меафтад нишони давлат аст.

(Суҳайл, қайдин чиқиб, то шуъла сочсанг қайгача,

Кўзинг тушган киши бахту тахтли бўлгай шул кеча).

— Амир Шайх Суҳайлий Чиғатойининг нурли шеърларини билардим, энди қарасам қаршимда яна бир толеъ юлдузи Суҳайл Хоннинг ўзлари нур сочиб турибдилар, —деб қўшиб қўйдим.

— Ўўў... чиройли лутф айладингиз, сиз шоирмисиз? — сўради Суҳайл.

  • Ҳа, қулингиз Бобурнинг ҳиндий, форсий шеърлари таржимониман, — дея жавоб бердим.

— Ҳиндийсидан ўқинг бўлмаса,—деди Суҳайл.

Мужҳко на ҳува кучҳ ҳавасе моник-ў мўтий,

Фақр аҳлига бас бўлғусидур поний-ў рўтий.

(Ҳеч менга эмас ҳою ҳавас ёқуту инжу,

Фақр аҳлига бас бўлғусидур қоқ этмаку су (в).

— Машаоллоҳ! Риштонга келиб улуғимиз Бобур ошиғини топдим,— деди Суҳайл.

— Бу тасодиф эмас, — дедим. — Бу ер Бобур қадамжоси. Ҳазрат олампаноҳ ўзларининг “Бобурнома” китобида Риштон кенти ва “Соҳиби Ҳидоя” бўлмиш Бурҳониддин Абулҳасан Али Риштоний ҳақида маълумот берганлар...

Бирга расмга тушарканмиз, Суҳайл ён чўнтагидан ташриф қоғози чиқариб узатди. Энг қизиғи анча кейин бўлди. Қарасам... Не кўз билан кўрайки, мен билан самимий суҳбат қурган одмигина бу одам кимсан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби ўринбосарининг ўзлари экан...

Толиб НОСИР

журналист

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер