Солиқ имтиёзлари берилмоқда

18:57 26 Декабрь 2022 Жамият
732 0

иллюстратив фото

2022 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мажлисда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳоли саломатлигини таъминлаш, аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш, ҳудудларни санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари билан қамраб олиш кўламини кенгайтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бироқ қурилиш, ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ва урбанизация кўламининг кенгайиши маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга кўпайиб боришига олиб келмоқда. Шунингдек чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар учун тўлов интизоми паст даражада эканлиги асосий фаолияти чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш бўлган корхоналар ва ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида қўшимча чоралар кўришни тақозо этмоқда.

Шу муносабат билан, мазкур қонун лойиҳаси билан чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш фаолияти билан шуғилланувчи айрим солиқ тўловчиларга 2026 йил 1 январга қадар ушбу фаолият тури бўйича фойда солиғини ва ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлаши белгиланмоқда.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга таёрлаш мобайнида масъул қўмита томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди, сиёсий партиялар фракцияларнинг фикрлари, қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзоларининг таклифлари асосида маромига етказилди.

Йиғилишда депутатлар томонидан қонун лойиҳаси чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш бўлган корхоналар ва ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларда узоқ муддатли инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини рағбатлантириш ҳамда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматларнинг самарали ташкил этилишини таъминлашга хизмат қилиши билдирилди.

Савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, йиғилишда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги, “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама этилди ва фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер