Солиқ идоралари мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди – ДХХ 

15:26 24 Май 2025 Жамият
815 0

Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, солиқ органларининг айрим мансабдор шахслари моддий манфаат эвазига «Барқарорлик рейтинги» дастуридаги маълумотларни сохталаштирган ҳолда 18 та хўжалик юритувчи субъектга сунъий равишда юқори баҳолар беришган. Бу эса уларнинг солиқ хавфи даражасини туширишга ҳамда қўшилган қиймат солиғининг манфий суммаларини бюджетдан ноқонуний қайтариб олишга имкон яратган.

Тергов материалларига кўра, ушбу схемалар натижасида давлат бюджетига 82 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган. Бу ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ғалати йўл билан мулкка эгалик қилиш) ва 209-моддаси (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов доирасида ёғоч импорти билан шуғулланувчи МЧЖ ҳисобидан 5,5 миллиард сўм ҚҚС манфий суммасининг ноқонуний равишда бюджетдан қайтарилганлиги аниқланган. Бу ишда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг икки нафар ходими, МЧЖ директори ва ҳисобчиси, шунингдек, компаниянинг икки нафар норасмий раҳбари гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинди. Уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Жиноят иши бўйича олиб борилган тинтув-тергов ҳаракатлари чоғида гумонланувчиларга тегишли 16 та объектдан қатор ашёвий далиллар расмийлаштириб олинди. Хусусан, 79 минг АҚШ доллари, 161 миллион сўм, 3 та LI 9 русумли электромобиль, 2 та «Gentra», 1 та «Nexia 3» автомашинаси, 1268 блок «TEREA» брендидаги электрон сигарет таёқчалари, 27 та электрон калит, шунингдек, муҳр, компьютер ва турли мобил телефонлар процессуал тартибда олиб қўйилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?