«Сохта СЭС ходимларидан эҳтиёт бўлинг». Санэпидқўмита огоҳлантириш билан чиқди

18:29 12 Январь 2026 Жамият
279 0

Иллюстратив фото

Санэпидқўмита пойтахт аҳолисидан ўзини «СЭС ходими» деб таништириб, хонадонлар, тадбиркорлик субъектлари, ошхона, кафе, хусусий клиникалар, сартарошхона, гўзаллик салонлари ва бошқа турли ташкилотларга мажбурий дезинфекция қилиш талабини қўйиб, пул ундириб кетиш ҳолатлари бўйича кўп мурожаатлар келиб тушаётганини маълум қилди.

Қўмита фуқароларни мазкур шахсларга алданиб қолмасликка чақириб, Тошкент шаҳар бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари дезинфекция ўтказиш ва дориларни сотиш учун уйма-уй ва тадбиркорлик субъектларида юрмаслигини қайд этди.

Таъкидланишича, бундай хизмат аҳолининг ихтиёрий мурожаатига кўра шартнома асосида ўтказиб берилади. Шунингдек, қўмита ходимлари томонидан юқумли касалликлар аниқланган ўчоқларда эпидемиологик кўрсатмага асосан дезинфекция ишлари ўтказилади.

Қўмита юқоридагиларни маълум қилиш билан бирга Тошкент шаҳар аҳолисига мурожаат қилди:

«Сизнинг иш фаолиятингиз ва уйингизга ўзини «СЭС ходими» деб таништириб келган шахслар (сохта СЭС ходимлари) бўйича огоҳликни ошириб, уларнинг хизмат гувоҳномасини талаб қилишингизни, агар улар хусусий дезинфекция фаолияти билан шуғулланувчи корхона ходими бўлса, корхона ҳужжатлари ва дезинфекция фаолияти билан шуғулланиш учун махсус лицензиясини талаб қилиб, зарарсизлантириш учун ишлатиладиган дезинфекция воситаси белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтганлиги бўйича ҳужжатларни тақдим қилгандагина, шунда ҳам ихтиёрий равишда дезинфекция тадбирларини ўтказишингиз мумкин».

Қўшимча қилинишича, мазкур шахслар томонидан фирибгарлик йўли билан пул ундириш ҳолатлари кузатилса, ҳудудий участка нозири ёки 102 телефон рақамига мурожаат қилиш тавсия этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер