Соҳилбўйи дам олиш маскани барпо этилмоқда

13:00 12 Август 2025 Жамият
205 0

Бухоро туманидаги “Наврўз” маҳалласи ўзига хос қурилиш майдончасига айланди. Маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи канал ёқалаб “Соҳилбўйи дам олиш маскани” барпо этиляпти.

— Бундай масканларнинг қадри ёзнинг жазирамасида жуда билинади, — дейди шу туманда истиқомат қилувчи Жума Паноев. — Шу боисдан ҳам сув бўйида бундай гўшанинг қад ростлаши айни муддао. Бу ер нафақат тумандошларимиз, балки юртимизга келаётган меҳмонлар ҳам мириқиб ҳордиқ чиқарадиган масканга айланишидан умидвормиз.

Жума аканинг бу ҳақда тўхталиши бежиз эмас. Туманда бир неча йил муқаддам “Bukhara-Varnet” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхона томонидан ойнаванд далали экозона ташкил этилганди. У қисқа муддат оралиғида узоқ-яқиндан ташриф буюрувчиларнинг севимли гўшасига айланди. Пировардида экозона сифатида сайёҳлик машрутига киритилди.

Бевосита соҳилбўйи дам олиш масканига келсак, унинг узунлиги бир километрни ташкил этади. Бу гўша шарофати билан ҳудуд микроиқлими мўътадиллашади. Ҳозир дам олувчилар учун савдо ва маиший хизмат шохобчалари қурилмоқда. Гулзорлар барпо этилиб, тунги ёритиш чироқлари ўрнатиляпти. Пиёдалар йўлаги, автотураргоҳлар, ўриндиқлар, тамаддихоналар – буларнинг барчаси фуқароларнинг сой бўйида оилавий кўнгилдагидек ҳордиқ чиқаришига имкон беради. Бунёдкорлик ва ободончилик юмушларига 15 та тадбиркорлик субъекти ўз ҳиссасини қўшмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 14,6 миллиард сўмни ташкил этяпти. Кўнгилочар масканни йил охирига қадар фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Натижада юз нафарга яқин янги иш ўрни юзага келади.

Мазкур маскан давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 12 августдаги “Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида барпо этилмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?