Софи ош синоати

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Нусрат Ҳалимов – ошпазлар сулоласидан. Падари бузруквори Наврўз отанинг қаватига кирганида ҳали суяги қотмаган йигитча эди. Бугун Бухоро шаҳрининг олд ошпазларидан. У ҳақида сўз очилганида ён-атрофдагилар «Софи ош тайёрлашнинг ҳадисини олган», дейишади. «Чорбоғ» ош марказидан хўрандалар қадами узилмаётгани сабаби ҳам шунда.
— Бухорода қобили ҳамда софи ош пиширилади, — дейди Нусрат ака. — Тўй-маъракаларни уларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Софи ошни Бухородан бошқа жойда учратмайсиз. У мазали, парҳезбоп таом. Мис қозонда тайёрланади.
Софи ош пиширишнинг ўз йўл–йўриғи бор. Бунинг учун гурунч алоҳида, гўшт алоҳида қайнатилади. Дастлаб қозонга сабзининг бир қисми тушади. Кейин гўшт солинади.Устига яна сабзи ташланади. Майиз, нўхат солингач, тағин сабзига навбат келади.Кейин таом устига доғланган мой сепилади.Пахта мойига кунгабоқар, кунжут, қовун уруғидан олинган ёғнинг аралаштирилиши паловни янада хушбўй қилади. Иштаҳани очади.Дарвоқе, 30–40 дақиқа дам егач таом тайёр бўлади.
Нусрат ака ва унинг шогирдлари қозон бошида гирдикапалак бўлиб турган паллада биз Бухоро Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумига йўл олдик.
— Ота-боболаримиздан мерос неки миллий таом бор, улар инсон саломатлиги учун фойдали, шу жумладан софи ош ҳам, — дейди олий тоифали ўқитувчи Набижон Жалилов. — Чунки гурунч буғда пиширилади. У қоврилмайди. Шу боисдан ҳам енгил ҳазм бўлади. Таркибида холестерини кам. Кексалар, ёш болалар бемалол истеъмол қилиши мумкин. Биз уни беморларга ҳам тавсия этамиз.
— Софи ош киши иммунитетини оширадиган таом саналади, — дейди шифокор Комил Тоғбоев. — У енгил ҳазм бўлади. Тадқиқотларда софи ош инсон ошқозони ҳазм қилиш фаолиятини яхшилаши аниқланган. У организмни токсинлардан, яъни зарарли моддалардан тозалайди. Боз устига танани сувсизланишдан сақлайди.
Мутахассислар яна бир жиҳатга эътиборни қаратишди. Ўтмишда ота-боболаримиз мис қумғонда чой қайнатиб ичишган. Мисдан тайёрланган идишлар алоҳида қадрланган. Бу бежиз эмас. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, мис элементлари қон айланишини яхшилайди. Мия фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Унинг юрак-қон томир фаолиятига ҳам фойдаси бор.
— Мис бактерияларга қарши табиий восита ҳисобланади, — дейди К. Тоғбоев. — Унинг юзасида зарарли микроорганизмлар узоқ яшай олмайди. Шунинг эвазига идиш гигиенаси яхшиланади. Софи ош тайёрланадиган мис қозонларнинг шаклига эътибор берсангиз, уларнинг одатдаги қозонлардан фарқ қилишини сезасиз. Фикримизча, бундай қозонлар иссиқликни тенг тақсимлайди. Натижада ош рисоладагидек пишади.
Биз яна «Чорбоғ» ош марказига қайтамиз. Кун пешинга оққан палла эмасми, ошпазларнинг қўли-қўлига тегмайди. Ҳаял ўтмай охирги мис қозоннинг таги кўриниб қолади.
— Ҳозир кунига 70 килограмм гурунчдан ош пиширяпмиз, — дейди Нусрат ака. — Салқин тушган кезларда, айниқса, қишда бундан бир ярим–икки ҳисса кўп софи ош тайёрлаймиз. Ҳа, айтмоқчи, ёндафтарчангизга бу таомга сариқ тусли сабзини ишлатишимизни ҳам ёзиб қўйишни унутманг. Чунки у ошнинг мазасига маза қўшади. Иштаҳангиз карнай бўлсин, дўстлар!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг