Сизга таъзим, сизга эҳтиром...

Фото: “Халқ сўзи”
Қишлоқ аёли... У мушфиқ, меҳрибон, меҳнатда тобланган, ҳар қандай соҳада эркаклар билан бир сафда ишлашдан чарчамайдиган, рўзғори учун жони фидо табаррук инсон. Наманган вилоятида ҳам бу нозик жусса эгалари жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаол. Масалан, Тўрақўрғон тумани аҳолисининг 49,5 фоизини аёллар ташкил этади. Уларнинг, айниқса, қишлоқ хўжалигида алоҳида ўрни бор. 3200 нафари уста пиллакор, 1200 нафари миллий ҳунармандчилик турлари бўйича касаначи. Пахтачилик фермер хўжаликларида 450 нафар доимий, 5000 нафардан зиёд мавсумий ишчи сифатида аграр соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Бундан ташқари, тиббиёт, таълим, тадбиркорликда ҳам улар сони юзлаб.
Кеча “Бураматут гулшани” фермер хўжалигининг файзли дала шийпонида Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан ташкилланган тадбирга ана шу фидоийлар вакиллари таклиф этилдилар. Туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров тўпланганлар шаънига энг муносиб таърифлар айтди. Тўкин дастурхон ёзилиб, Наманган санъат мактаби ҳамда вилоят филармонияси, туман маданият бўлими санъаткорлари ижросида куй-қўшиқ ва рақслар туҳфа этилди. Қишлоқ аёлларига эсдалик совғалари улашилди.
— Аёл қалби эътибордан, меҳр-муҳаббатдан яшнайди. Бугунги байрам тадбирида иштирокчилар кўнгли алоҳида завқ-шавққа тўлганидан хурсандмиз, — дейди туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нозима Баҳриддинова.
Муҳим сана вилоятнинг барча туманларида муносиб нишонланди. Уларга таклиф этилган азиз ва мўътабар аёлларга шунга яраша эъзозу эҳтиром кўрсатилди.
Эслатиб ўтамиз: Халқаро қишлоқ аёллари куни 2007 йилда БМТ томонидан таъсис этилган бўлиб, Ўзбекистонда 2017 йилдан расман нишонлаб келинмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг