Сингилжон, экавер райҳонларингни...
Фото: Архив сурат
Нигорага эри Расулжон танбеҳ берди:
— Тушуна олмаяпман, сени! Қанақа хотинсан? Кўпқаватли уйда яшайсанку, ташқари сенга бегона жой. Ҳеч кимдан сўрамасдан, йўлак четига райҳон экибсан, ким сенга рухсат берди! Ахир бу ер шаҳар, қишлоқдагидек, истаган ишингни қила олмайсан. Ичкарида болангга қараб ўтирсанг бўлмайдими?
Нигора ерга қаради, юзи дув қизарди. Худди гуноҳ иш қилиб қўйгандай ўнғайсизланди. Ва эрига ялинқироқ овозда деди:
— Дадажониси, биласиз раҳматли қайнонам ҳовлини тўлдириб, райҳон экарди. Унинг ҳиди қўшни маҳаллаларга ҳам таралиб турарди. Онажон айтардики, ҳовлингга райҳон эксанг, фаришталар учиб келади. Райҳон ҳиди уфуриб турган хонадондан бало қазо қочади, инсон руҳиятини кўтаради, нафас йўлларини тозалайди. Жуда фариштали аёл эдида, раҳматли. У эккан райҳонлардан олиб қўйган уруғ бор эди, шуни катта йўл четига сепиб, сув қўйдим, нима қипти, шунга.
Расулжон ҳеч нарса дея олмади. Бир хотинига, бир унинг қўлидаги белкуракка қараб турдида.
— Хотин, шу қўшнилар устимиздан кулмасин, дейманда, шаҳарни қишлоқ деб ўйлаб алламбалоларни экиб юришибди, деб.
Орадан бир неча кун ўтганидан сўнг, Нигора кўчадан чопқиллаб келиб, эрига “суюнчи беринг” деди. Расулжон ҳанг-манг бўлиб, хотинига қаради. Унинг юз-кўзида қувонч ўйнар эди. Қандайдир хушхабарни айтиш учун чоғланарди.
— Биласизми, дадажониси, мен эккан райҳонлар униб чиқибди!
Расулжон пастга тушиб, жимирлаб, ниш урган райҳон кўчатчаларини кўриб, дили яйради. Уни қўллари билан силаб, кўзига суртди: “Онам эккан райҳоннинг уруғи шаҳарда барг ёзяпти, деб ич-ичидан қувонди.
Нигора эккан райҳонлар тизза бўйи бўлиб, атрофга анвойи бўй тарата бошлади. Бир куни Нигорани маҳалла раиси излаб келди.
— Айтмадимми сенга, бу райҳонларинг бошингга битган бало бўлади деб, — деди Расулжон хотинига. — Ана маҳалланинг раиси келибди, чиқ, энди! Нигора қўрқа-писа раис ёнига борар экан, хаёлида “ҳамма райҳонларни суғуриб ташла” деса нима қиламан, деб ўйлади.
— Келин, шу кўчадан ўтганимда райҳон ҳидини туйиб, бирам кайфиятим кўтариладики, асти қўяверасан, — деди раис. — Тўғрисини айтсам, онам эккан райҳонлар бўйини ҳис қиламан, ўша хотиралар жонланади, хаёлимда. Қишлоғимизда ҳар бир ҳовлида райҳон экиларди, уни ҳиди билан катта бўлганмиз, келин. Бугун ана шу туйғу мени сенинг эшигингга етаклаб келди. Маҳалламизда яшайдиган турли миллат вакиллари унинг ҳиди ўткир экан, кўпайтириш керак, дейишяпти. Аслида райҳон экиш миллий қадрият. Сен шу қадимий қадриятларни давом эттиряпсан. Албатта, буни маҳаллага ёямиз.
— Тоғажон, раҳмат, — дея Нигоранинг юзига қон югурди. — Уруғини сентябрь ойи охирларида олса бўлади. Кўряпсизми, менинг райҳонларим жуда кўп, уруғининг олсак, бутун маҳаллага етади.
— Баракалла, умрингдан барака топ, тағин ўйлама, раис танбеҳ берди деб, сингилжон, экавер райҳонларингни!
Фахриддин БОЗОРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг