Сифатли юридик таълим давр талабидир

12:45 02 Май 2020 Жамият
1720 0

Мамлакатимизда ўқув-педагогик жараёнга инновацион илғор ва халқаро таълим стандартларини жорий этиш, юридик таълим тизимини такомиллаштириш ҳамда юридик кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Аммо бугун олий юридик таълимнинг қамрови ёшларимиз интилиши, жамият ва давлат эҳтиёжи учун етарли эмас. 

 Президентимизнинг шу йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони таълим соҳасидаги қатор муаммоларнинг ечимига қаратилгани билан катта аҳамиятга эгадир.  

Чунончи, Ўзбекистон Республикасида юридик таълим соҳасида мавжуд масалалар, хусусан юридик таълимни замон талаблари даражасида такомиллаштириш, ушбу йўналишда ҳорижий давлатлардаги юридик кадрлар тайёрлаш борасида илғор тажрибаларни қўллаш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кўчайтириш масалалари, мазкур соҳада соғлом рақобат муҳитини янада қарор топтириш, амалдаги қонунчилик ҳужжатларини яхлит ҳолда тизимлаштириш орқали миллий ҳуқуқий тизимни янада ривожлантириш айни пайтда ҳал этилиши муҳим ҳисобланган масалаларга айланган эди.

Мазкур фармонда ҳуқуқ соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини амалий жиҳатдан жорий этиш, ўқитишнинг илғор услубларидан кенг фойдаланиш, таълим стандартларини модернизациялаш ва ўқув дастурларини қайта кўриб чиқишга етарли эътибор берилмаётгани, бу эса юридик таълим сифати ва илмий салоҳиятнинг пасайишига олиб келаётгани кўрсатилган. 

Шу билан бирга юридик таълим ва фан тизимини тубдан такомиллаштириш, уларнинг халқаро таълим майдонидаги рақобатбардошлигини таъминлаш, юридик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида қатор вазифалар ва устувор йўналишлар белгилаб берилган.

Фармон билан Тошкент давлат юридик университетини “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассаса этиб белгиланиши юридик таълимни ривожлантириш ишларини тизимлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Яна бир муҳим янгилик – Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этилиши ҳамда  “юриспруденция” йўналиши бўйича белгиланган тартибда шакллантириладиган ва тасдиқланадиган квоталар, шу жумладан, табақалаштирилган тўлов контракт асосида қўшимча қабул амалга оширилишидир. Бу ўз навбатида, олий юридик кадрлар тайёрлаш соҳасида соғлом рақобатни юзага келтириши билан бирга юртимизда олий юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни қондиришнинг ўз вақтида қабул қилинган энг тўғри ечимидир. 

Фармонга мувофиқ, Фанлар академиясининг давлат, ҳуқуқ ва сиёсий-ҳуқуқий таълимот соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширадиган Давлат ва ҳуқуқ институтини ташкил этиш ҳам белгиланди. Бу эса миллий юриспруденция илмий мактабининг ривожланиши ва ҳуқуқ соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини амалий жиҳатдан жорий этишга асосий омил бўлиб хизмат қилади. 

Фармон билан юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг замонавий талаблар, илғор халқаро юридик тажриба ва меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлашни таъминлаш, шунингдек, ўқитишнинг кредит-модуль тизимини  ва талабалар билимини баҳолаш усулларини такомиллаштириш, ўқув жараёни ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўртасида узвий алоқани таъминлаш ва бошқа зарур йўналишларнинг белгиланиши соҳа ривожига замонавий ёндошувларни амалга оширишда катта  аҳамият касб этади.

Яна бир эътиборли жиҳати, ҳуқуқ соҳасида асосий таянч олий таълим муассасаси ҳисобланган Тошкент давлат юридик университетида халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети ташкил этиш ва унинг зиммасига халқаро хусусий ҳуқуқ, жумладан, халқаро арбитраж ҳуқуқини чуқур ўрганиш, шунингдек, Япония, Германия ва бошқа ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқи ва ҳуқуқий тизимларининг қиёсий тадқиқотлари натижаларини ҳисобга олган ҳолда халқаро ҳуқуқ нормаларини имплементация қилиш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби муҳим вазифалар ҳам белгиланганидир.

Умуман олганда, мазкур ҳужжатда Ўзбекистонда юридик таълимни ўқитишнинг ҳозирги ҳолати, юридик таълим соҳасида мавжуд айрим муаммолар ва уларни бартараф этиш имкониятлари, шунингдек ўқув жараёни ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўртасида ўзвий алоқани таъминлаш, талабалар фақат назарияни ўрганиш билан чекланиб қолмасдан амалий билим ва кўникмаларни шакллантиришга жиддий аҳамият қаратиш лозимлиги назарда тутилган.

Эркин ЗАХИДОВ,

Мухтор ИБРАГИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати, 

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер