Шунчаки хобби Бухорода янги санъат йўналишини яратди

14:15 18 Ноябрь 2025 Жамият
265 0

Қор ёки муз эриши оқибатида баъзи жойларда кўлмак юзага келади. Автомашинадан чиқадиган мойсимон моддалар кўлмакка тушиб, камалакни эслатувчи ранглар ҳосил қилади. Шу ҳолат мусаввир Раҳим Ҳакимовни қизиқтириб қўйди.

– Бу ранглар мени ўзига буткул мафтун этди, – дейди ижодкор. – Шу аснода тажриба ўтказиш фикри туғилди. Уйда ҳар хил рангдаги мой бўёқларни эритиб, сувли идишга солиб чиқдим. Кейин сувга қоғозни босиб олдим. Жуда чиройли манзара тасвири юзага келди. Бу усул шу тариқа асосий ишимдан ташқари, шунчаки хоббига айланди.

Ўшанда рассом шунчаки хобби тасвирий санъатда янги йўналиш яратилишига олиб келишини хаёлига ҳам келтирмаган. Хайриятки, ҳаёт тасодифларга бой. Улар аксарият ҳолларда кишига қувончли, унутилмас лаҳзаларни ҳадя этади. Қаҳрамонимиз билан ҳам худди шундай бўлди. Орадан анча вақт ўтиб рассом шу усулни чуқур ўзлаштиришга киришди. Махсус тайёрланган қоғозлар воситасида ишлай бошлади. Натижада бир қарашда “эбру баҳор” санъатини эслатувчи, аммо унинг янги йўналиши сифатида юзага келган асарлар мутахассислар, жамоатчилик ва ҳатто хорижий сайёҳлар назарига тушди.

Шу ўринда “эбру баҳор” санъати ҳақида қисқача тўхталиш лозим. “Баҳор булутлари” маъносини англатувчи бу усул Бухорода яратилган, Эронда равнақ топган, Туркияда яшаб қолган, деган тахминлар йўқ эмас. Унда китра яъни бутасимон ўсимлик елими воситасида сув қуюқлаштирилиб, тайёр бўёқлар сепилади, сўнгра бигиз ёки тароқлар ёрдамида аввалдан ўйланган шакллар ҳосил қилинади. Устига қоғоз босиб олинади. Ранглар қоғозга кўчгач, унда мўъжизавий шакллар пайдо бўлади. Бундай қоғозлар қадимда китобнавислик санъатида кўп ишлатилган.

– Мен яратган усулда тоза сув, мой бўёқлар ва уларнинг эриткичи, шунингдек, бўёқларни аралаштириш учун таёқчалар керак бўлади, – дейди рассом. – Маълумки, мой бўёқ сув устида қисқа вақт туради. Керакли ранг ва шакл пайдо бўлган заҳоти тоза қоғозни сув юзига босиб оламиз. Ҳар гал тоза сувга янги бўёқлар сепилади. Натижада бир-бирига ўхшамайдиган чиройли абстракт манзаралар пайдо бўлади. Бу усулни “Нақши абри – Бухоро” деб номладим.

Республика Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси Р. Ҳакимовнинг бу борадаги изланишлари Бухорога тез-тез келадиган чет эллик санъат ихлосмандлари қизиқишига сабаб бўлди. Мусаввирга хориждан таклифлар туша бошлади. Туркияда кўргазмаси ташкил этилди. Амстердам (Нидерландия)да рассомнинг “Афсоналар юртига саёҳат” деб номланган шахсий кўргазмаси ўтказилди. Ўз асарлари билан Франциянинг Верден – сюр – Гарона шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекистон бойлиги. Буюк ипак йўлида” деб номланган ўзбек маданияти фестивалида қатнашди.

– Жорий йилда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган учинчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали ҳам эсда қоларли кечди, – дейди 74 ёшли рассом. – Фестивал доирасида ташкил этилган анжуманда маъруза қилиб, “Нақши абри – Бухоро” йўналиши ҳақида атрофлича маълумот бердим. Бу усул экспертлар томонидан халқаро даражада эътироф этилди. Эндиликда шогирдларим билан бу янги йўналишни ривожлантириш, уни худда эбру каби истиқболли санъатга айлантириш мақсадини ўз олдимизга қўйганмиз.

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер