“Шум бола” — асрлар ошаётган асар

Ўзбек адабиётининг йирик намоёндаси, Ўзбекистон халқ шоири, академик Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллиги муносабати билан адиб номидаги нашриёт томонидан “Шум бола” қиссасининг янги нашри мухлислар эътиборига ҳавола этилди.
Дарҳақиқат, мазкур асар халқимизнинг юрак-юрагидан жой олгани бежиз эмас. Ёзувчи ўзи яшаган даврнинг қиёфасини, маҳаллалардаги ҳаёт тарзини, ишсизлик, қашшоқлар ва бойлар ҳаётини турфа ҳангомалар билан тасвирлаб берган. Бундан ташқари қиссада ХХ асрдаги халқимизнинг турмуш тарзи ва қора урушнинг инсонлар ҳаётига таъсири очиб берилган. Уни ўқиш давомида сиз ҳам ёзувчи билан бирга Тошкент маҳаллалари бўйлаб сафарга чиқасиз. Асар қаҳрамонининг саёҳатида ўзингизни беихтиёр унга ҳамроҳ сифатида кўрасиз. Балки, шунинг учун ҳам асар асрдан асрга ўз ўқувчилари билан бирга ўтиб келмоқда.
Пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом уй-музейида шоир-ёзувчилар, олиму адабиётшунослар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар асарнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти, шунингдек, Ғафур Ғуломнинг серқирра ижоди ҳақида гапиришди.
— “Шум бола” қиссаси BBCнинг “Барча даврларнинг 100 та энг буюк болалар китоблари” рўйхатига киритилгани ҳам асарнинг қанчалик маҳорат билан ёзилганидан дарак беради. — деди нашриёт бош муҳаррири Ҳабиб Абдиев. — “Барча даврларнинг 100 та энг буюк болалар китоблари” рўйхатини шакллантириш учун 56 мамлакатдан танлаб олинган 177 экспертга “Барча даврларнинг энг яхши болалар адабиётларига қайси асарлар киради?” дея савол берилган. Улар ўз танлови бўйича 10 та энг яхши болалар китоби рўйхатини тузган. Экспертлар рўйхатидаги ҳар бир китобга жойлашган ўрнига қараб 10 баллдан 1 баллгача берилган. Улар томонидан жами 1050 та китоб номи кўрсатилган. Ўзбекистон номидан ушбу рўйхатни шакллантиришда икки вакил иштирок этди. Асар вакиллар рўйхатида биринчи, BBCнинг умумий рўйхатида 73 ўринни эгаллаган. Ўйлайманки, ушбу нашр адабиётсевар халқимиз ва болажонларимизга муносиб туҳфа бўлди.
Маросимда Тошкент давлат Юридик университети талабалари томонидан шоир шеърларидан ўқилди. Иштирокчилар ўзини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг