Шоҳимардон – хушният дилларнинг муродбахш ошёни

14:15 17 Сентябр 2025 Жамият
79 0

Фарғона вилоятининг пурвиқор тоғлари бағрида жойлашган Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоғи етти иқлимда машҳур. Фусункор табиати туфайли Шоҳимардон рамзий маънода “Ўзбекистон Швейцарияси” сифатида эъзозланади. Бу манзилга қадами етган инсон унинг солланиб оқаётган оқ суви, кўк суви, қоя-тошлар салтанатидаги тарихий-маданий ёдгорликларига маҳлиё бўлади. Ҳар қарич ери муқаддас, азиз қадамжолар эканини англаб етади. Йилнинг тўрт фаслида ҳам бу маскан ўзига сайёҳларни жалб этади.

Абдусаттор Орипов Шоҳимардон нуронийлари етакчиси. Отахон кўп йиллик ҳамфикр дўсти Баҳодир Мараҳимов билан бирга қадрдон қишлоқнинг бирда шодумон, бирда қайғули тарихидан сўзлайди. Шоҳимардон ҳақида қомусий билимга эга бу отахонларнинг суҳбатини эшитгингиз келаверади.

– Шоҳимардон – Хизр назар солган юрт, — дейди Абдусаттор ота. — Бу қишлоқ аҳли асрлар мобайнида тарихнинг турли сўқмоқларидан мардонавор ўтиб келмоқда. Ҳазрат Али мақбараси каби ўнлаб тарихий обидалар, очиқ осмон остидаги музейлар, сўлим табиат қўйнидаги оромижон туризм манзиллари ҳудуднинг беқиёс рамзига айланган. Бу табаррук маскан ўз бағрида халқимизнинг неча минг йиллик тарихи, хонликлар, султонлар ҳаёти, тақдири, инсон ва табиат ўртасидаги узвий ришталар, деҳқончилик маданияти билан боғлиқ қадриятлар ҳамда бой меросни асраб-авайлаб келмоқда.

Ардоқли шоирамиз Малика Мирзо “Шоҳимрадон тоғларининг ҳавоси яхши, оқ сувининг, кўк сувининг навоси яхши” дея ёзган шеърини севимли қўшиқчимиз Охунжон Мадалиев ижросида ҳалигача ҳаяжон билан эшитамиз. Муҳаммад Юсуф ҳам ўз вақтида “Бизда бори қайда бор, Шоҳимардон қайда бор...” дея лутф қилган. Миллий спорт ўйинларимизнинг фаол тарғиботчиси Турсунали полвон ҳам Шоҳимардон туризми ривожига жуда катта ҳисса қўшган.

Президентимизнинг 2024 йил 11-12 июль кунлари Фарғонага ташрифи давомида вилоятда туризм салоҳиятини ошириш мақсадида қўшни Қирғизистон Республикаси билан 30 кунгача визасиз кириб чиқиш ҳамда чегара назорат постларини 24/7 режимига ўтказиш бўйича топшириқлар берилганди. Айни йўналишда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Фарғона вилояти ҳокимлигининг қўшни Баткен вилояти раҳбарияти билан олиб борган мулоқотлари натижасида Фарғона туманида жойлашган “Водил” чегара назорат пости иш тартиби 24 соатлик режимга ўтказилди. Натижада Шоҳимардон ва Ёрдонга келувчи маҳаллий дам олувчилар сони ўтган қисқа даврда уч баробарга кўпайди.

— Жорий йилда кунига ўртача 5-6, шанба-якшанба кунлари 11-12 минг сайёҳ келди, — дейди “Шоҳимардон” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Музаффар Мухпиров. — Яқин йилларгача чорвачилик ва боғдорчилик билан машғул бўлган ҳудуд аҳолиси эндиликда тўлиқ туризм хизматлари кўрсатишга ихтисослашмоқда. Бир неча замонавий меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилди. Юздан ортиқ аҳоли хонадонларида уй меҳмонхоналари иш бошлади. “Туронбанк”дан бириктирилган маҳалла банкири кўмагида маҳаллий тадбиркорларнинг бу каби истиқболли лойиҳалари фаол қўллаб-қувватланмоқда. Шоҳимардон марказида қуриб битказилган амфитеатр, Ҳазрат Али мақбараси ва бошқа тарихий масканларда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари қувонарлидир.

Хитой инвестицияси иштирокида “Шоҳимардон – Ёрдон”, “Шоҳимардон – Кўли қуббон” йўналишида осма дор йўлаклари барпо этилмоқда. Фарғоналик тадбиркор томонидан пухта бизнес-режа асосида ҳаётга татбиқ этилаётган янги лойиҳалар янада салмоқлидир.

— Туризм йўналишида фаол тадбиркорлик, рақобат муҳити шаклланди, — дейди Шоҳимардонда туризм хизматларини йўлга қўйган маҳаллий тадбиркор Ҳамиджон Абдураҳимов. — Дастлаб ушбу соҳадаги фаолиятни бир бинони ижарага олишдан бошлагандим. Ҳозирги кунда замонавий мезонлар асосида фаолият кўрсатувчи меҳмон уйлари ташкил этганмиз.

Бугунги кунда Шоҳимардондаги 635 та хонадонда 3565 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қарийб 85 аҳоли хонадонлари шиша толали интернет тармоғига уланди. Ҳудудда эфирга узатиладиган телеканаллар сони ошди. Шоҳимардон марказида муҳташам хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари қад ростлади. Шарқираб оқадиган сойлар бўйида миллий услубдаги чойхоналар, умумий овқатланиш шохобчалари туну кун хизматда. Ўтган йилда Шоҳимардон ва Ёрдон МФЙда 17 та янги объектлар ишга туширилиб, бир кунда қўшимча 400 нафар меҳмонга хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.

— Ўтган йилда мазкур икки маҳалла ҳудудидаги аввал корхона ва ташкилотлар тасарруфида бўлган, ҳозирда хусусий мулк сифатида тадбиркорларга тегишли 80 дан ортиқ дам олиш масканларини замонавий кўринишга келтириш мақсадида ҳамкорликда лойиҳалар ишлаб чиқилди, — дейди Аброрбек Раҳмонов. — Жорий йилда 14 та лойиҳа доирасида 24,8 млрд сўмлик мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланди. Туризм ривожига хизмат қилувчи умумий қиймати қарийб 19 млрд сўм бўлган 10 та истиқболли лойиҳа танлаб олинди. Бу лойиҳаларнинг 10,4 млрд сўми ташаббускор тадбиркорларнинг ўз маблағи ҳисобидан амалга оширилади ҳамда 8,5 млрд сўм тижорат банклари кредит маблағи йўналтирилади.

Ҳозирги кунгача вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида икки ҳудуддаги 100 га яқин дам олиш масканлари ҳамда 70 дан ортиқ уй меҳмонхоналари хатловдан ўтказилди. Бу жараёнда аниқланган муаммо ва таклифлар жойида ўрганилиб, ўз ўрнида ижрога қаратилмоқда. Ўрганишлар жараёнида ишчи гуруҳ томонидан қўшимча 35 дан кўпроқ лойиҳалар аниқланиб, тадбиркорлар лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш учун 5 млрд сўм маблағ жалб этиш белгилаб олинди.

  “Шоҳимардон” ва “Ёрдон”да туризмни ривожлантириш мақсадида вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳудуднинг мастер режаси ишлаб чиқилмоқда. Бу яқин истиқболда мамлакатимизнинг Зомин, Бўстонлиқ каби машҳур дам олиш зоналарида амалга оширилган ишлар сингари йирик лойиҳаларни юзага чиқариш имконини беради. Бу борада икки ҳудудда ички йўллар тўлиқ асфальт қилиниб, кўчаларга тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Юзга яқин дам олиш масканлари WI-FI тармоғига уланди. Туризм маршрутлари 10 га яқин янги манзиллар ҳисобига кенгайишига эришилди.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?