Шерободда анорчилик кластери ташкил этилади

11:55 24 Ноябрь 2020 Кластер
1128 0

Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ўзининг шириндан-шакар анорлари билан машҳур. Бу ерда етиштириладиган анорларнинг довруғини билмайдиган, эшитмаган одам бўлмаса керак.

Шеробод анорлари нафақат ички бозорларда балки, хорижда ҳам маълум ва машҳурдир. Айни пайтда туманда куз неъматининг кўплаб турлари парваришланяпти. Қувонарлиси, етиштирилган ҳосилнинг ички эҳтиёждан ортган қисми хорижга ҳам экспорт қилинаётир.

Айтиш жоизки, бугун ҳудудда анор етиштириш, саралаш ва қайта ишлаш кенг йўлга қўйилмоқда. Хусусан, «Шеробод анор импекс» масъулияти чекланган жамияти ҳам айни шу ниятда фаолият олиб боряпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, OʼzLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ушбу жамиятда бўлиб, корхона фаолияти билан яқиндан танишди.

Жамият раҳбари Дилшодбек Қамбаровнинг айтишича, ҳозирда корхона 82 гектар ер майдонда анорзор ташкил этиб, уларни парваришлаб келмоқда. Шунингдек, корхонага Корея давлатидан анорни калибрлаш мақсадида махсус ускуна ҳам олиб келинган бўлиб, унинг ёрдамида экспортбоп анорларни аниқлаш ва қадоқлаш мумкин.

— Ушбу ускуна аҳоли томорқалари ва фермерлар билан кооперация алоқалари асосида туманда етиштириладиган анорни экспортга тайёрлайди, — дейди Д.Қамбаров. — Энг муҳими, бир суткада 2 минг тонна анорни калибровка қилиб, замонавий услубда яроқлилигини текширади.

Учрашув давомида корхона раҳбари анор шарбатини ҳам тайёрлашни йўлга қўймоқчи эканини, бунинг учун Словениядан ускуна олиб келишни режалаштираётганини билдирди. Қолаверса, яна 500 гектар ер олиб, анорчилик кластерини йўлга қўймоқчилигини айтиб, етиштирилган маҳсулотларни Россия ва Болтиқбўйи давлатларига экспорт қилиш ниятида юрганини маълум қилди.

Суҳбат ва мулоқотлар чоғида А.Хаитов мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, бундай анорзорларни вилоятнинг бошқа туманларида ҳам етиштириш, кўчатчиликни кенгайтириш, экспортбоп анор навларини ўзлаштириш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар берди.

Учрашув якунида тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан молиявий ресурслар ажратиладиган бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?