Шавкат Мирзиёев: Бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади

17:27 11 Сентябр 2024 Сиёсат
308 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар аҳволи ҳамма вилоят ва туманда ҳам бир хил эмаслигини кўрсатиб ўтди.

Масалан, ўтган олти ойда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Хоразмда камбағаллик 2 фоиздан ортиқ камайган бўлса, Навоий, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент шаҳрида ўзгариш бўлмаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Республиканинг 15 та туманида камбағаллик 20 фоиздан юқори. Булар – Амударё, Беруний, Қонликўл, Нукус, Тахтакўпир, Хўжайли, Чимбой, Гулистон, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Гурлан, Янгиариқ, Янгибозор ва Тупроққалъа. 

Бу туманларда камбағалликни қисқартириш учун уч йилда 1,7 триллион сўмлик арзон кредит ва субсидия берилган бўлсада, ўзгариш бўлмаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аҳолига бўлиб берилган ерлар бўйича 17 та туманда 2-3 мартадан ҳосил олиш ҳисобига камбағаллик 2 карра камайди. Булар – Пахтаобод, Балиқчи, Гурлан, Хонқа, Олтиариқ, Данғара, Конимех, Боёвут, Жомбой, Шофиркон, Ш.Рашидов, Зомин, Шаҳрисабз, Бандихон, Ўртачирчиқ, Бўка, Тахиатош туманлари.

Лекин, 14 та туман – Қонликўл, Шуманай, Қоровулбозор, Пешку, Чироқчи, Муборак, Нуробод, Оқолтин, Музработ, Бандихон, Қизириқ, Оҳангарон, Паркент, Тупроққалъада ўзгариш сезилмаяпти.

Туман ҳокимлари, уларнинг иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарларига бу борадаги фаолияти сустлиги бўйича қатъий эътироз билдирилди.

Президент топшириғига кўра, мутасаддилар масалани ичига чуқурроқ кирди, энг оғир маҳалладаги ночор оилаларга бориб, нимага кўпроқ эътибор бериш кераклигини ўрганди

Бу масалада савдо, сервис, тўқимачилик, тиббиёт, овқатланиш, қурилиш, касаначилик, электротехника, транспорт соҳаси тадбиркорлари билан аниқ муҳокамалар ўтказилди.

Ўрганишлар камбағалликни фақат пул тарқатиш билан ҳал қилиб бўлмаслигини кўрсатмоқда.

Ҳозирда 3-5 миллион сўмгача ойлик бераман деган корхоналарда 250 мингта бўш иш ўрни бор. Лекин, камбағал оилани 35 фоиз ишга лаёқатли аъзоларида билим ва кўникма кам.

Бола парвариши билан банд бўлгани учун ишлаш хоҳиши бўлган аёлларнинг 43 фоизи ишга бора олмаяпти.

Камбағал оилаларнинг 83 фоизида катта томорқа бор. Лекин, уларнинг 62 фоизида – сув, 48 фоизида – электр муаммоси бор, яна 50 фоизи марказдаги бозорга боришга қийналмоқда.

Давлатимиз раҳбари камбағалликка тушиш сабаблари ҳар хил экан, ечими ҳам алоҳида-алоҳида бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтди.

Ҳозирда камбағалликни қисқартириш бўйича кейинги йиллар учун жуда катта “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури тайёрланаётгани маълум қилинди.

Унда еттита имконият ва масъулият тамойили асосида Ўзбекистоннинг навбатдаги янги ёндашувлари белгилаб берилади. 

Бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади. 

Мутасаддиларга ҳар бир маҳаллани тўлиқ хатловдан ўтказиб, улардаги “камбағал оилалар портрети”ни ишлаб чиқиш топширилди. Камбағал оила бўйича индивидуал дастур бўлади, ҳар бир вазирликнинг аниқ вазифаси кўрсатилади.

Иқтисодий комплекс – Ж.Қўчқоров тизими оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш билан шуғулланса, ижтимоий ҳимоя – М.Оллоёров тизими кимни реестрга киритиш, қайси оилани ундан чиқаришга жавоб бериши белгиланди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?