Шарафли касб эгаларига эҳтиром

17:53 16 Сентябр 2025 Жамият
128 0

Тошкент вилояти ҳокимлигида бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийларга давлат мукофотларини топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги туман-шаҳар ҳокимлари, педагогика соҳаси фидойилари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими, сенатор Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, кейинги йилларда таълим тизими ва ўқитувчиларга қаратилаётган эътибор, уларнинг шарафли, ўз навбатида, масъулиятли вазифасида эришилаётган ютуқлар тўғрисида фикр билдирди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ бир гуруҳ соҳа ходимлари фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланган эди. Улар орасида Тошкент вилоятида яшаб, меҳнат қилаётган фидойи муаллимлар ҳам бор. Тадбирда уларга давлат мукофотлари топширилди.

— Мактабдаги ўқитувчиларим менинг қаҳрамоним бўлган, — дейди “Шуҳрат” медали билан мукофотланган Ангрен шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Зулхумор Омонова. — Айниқса, француз тилидан бизга дарс берган устозимга жуда ҳавас қилардим. Мана, болаликдаги орзуларимнинг рўёбини кўриб юрибман. Ўттиз йилдан буён болаларга сабоқ бериб, ўқитувчиларимнинг орзуси ҳақида ҳам ўйлаб бошладим. Энди билсам, уларнинг орзуси Ўзбекистоннинг бугунги ўқитувчиларидаги шароит, имконият ва қулайликда янги авлод таълим-тарбияси билан шуғулланиш бўлган экан. Ўқитувчи мақомини Конституция билан, алоҳида қонун билан мустаҳкамлаб қўйган Президентимиз Шавкат Мирзиёевга ўқитувчилар номидан миннатдорлик билдираман.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда соҳага қаратилаётган эътибор ва тизимда яратилаётган шароит туфайли Тошкент вилоятидаги мактабларда таълим сифати юқорилади, мактабгача таълим қамрови ўсди, олий таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш жараёни янги босқичга олиб чиқилди. Тошкент вилояти Директорлар кенгаши фаолияти қайта кўриб чиқилиб, тубдан ўзгарди.

Тадбирда сўзга чиққан мукофот эгалари мазкур эътироф янги марралар сари руҳлантириб, янгиланаётган Ўзбекистонда Учинчи Уйғониш пойдеворини ҳозирлаш учун ўқитувчи ва мураббийларга катта далда бўлганини эътироф этди.

Отабек ИСРОИЛОВ

(«Халқ сўзи»).                                                                                                            

Жонибек ОБЛАҚУЛОВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?