Шахмат хоналари ташкил этилди

11:10 15 Октябр 2024 Жамият
272 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро вилоятида шахматга ўқитиш тизими йўлга қўйилган мактаблар сони биратўла 50 тага кўпайди. Бунга қадар 11 та умумтаълим мактабида 2-, 3-, 4-синф ўқувчиларига тажриба-синов тариқасида шахмат ўйини ўргатилаётган эди.

— Давлатимиз раҳбарининг «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ўтказилган тажриба-синов ўз натижаларини кўрсатмоқда, — дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъул ходими И. Орипова. — Шахматнинг сир-асрорлари ўргатилаётган синф ўқувчиларида дарсларни ўзлаштиришда ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Бу бежиз эмас. Шахмат кишида фикрлаш жараёнини тартибга солади, диққатни жамлаш кўникмасини ҳосил қилади, хотирани мустаҳкамлайди. Мантиқий фикрлаш ва иродани тоблашда унинг аҳамияти катта. Бинобарин, ўғил-қизларнинг шахмат билан шуғулланишлари улар ақл-идроки, тафаккурини ўстиради. Болаларнинг руҳан тетик бўлиб вояга етишида қўл келади.

Айтиш жоизки, айни дамда Бухоро вилоятидаги 61 та мактабда «шахмат хонаси» ташкил этилган. Машғулотларга 11 минг 800 нафар ўғил-қиз қамраб олинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер