Серташвиш кунлар синови
Фото: Халқ сўзи
Навоий вилояти Хатирчи тумани Амир Темур маҳалласидаги 807-сонли трансформаторни созлаш ишлари тунги 21:30 лар атрофида якунига етди. Тўрт юздан ортиқ хонадонга ёруғлик, қишлоқ аҳли кўнглига илиқлик кирди. Буни электр чилангарларга термосда чой ва егуликлар олиб чиққан етмиш беш ёшли Шакарбой оға Қаршиевнинг сўзларидан ҳам англаш қийин эмас.
— Барака топишсин, термометр – 16 даражани кўрсатиб турибди, бир томони қоронғу, лекин булар таъминот тикланмагунча ишни тўхтатишмади, — дейди у. — Менга қўйса, ҳақиқий жасорат деган бўлардим. Очиғи, бундай кунларда одамларга бирдамлик керак. Тўрт кунлик ташвиш ҳаммамизни синовдан ўтказяпти.
Бу каби мисолларни «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Навоий вилояти филиалининг айни кеча-кундуздаги фаолиятидан кўплаб келтириш мумкин. Филиал тизимларида 254 нафар юқори малакали мутахассислардан иборат 65 та авариявий ҳолатларни бартараф этиш бригадаси ташкил этилиб, уларга 56 та автомашина бириктирилган. Айни аномал совуқлик туфайли юзага келган электр узатиш тармоқларидаги узилишлар туну кун бирдай бартараф этилмоқда. Хусусан, Кармана электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан туманнинг Янгиариқ маҳалласидаги 311-сонли трансформаторга қўшимча 2 дона 160 кВли трансформатор пункти, Навоий шаҳар подстанция хизмати ходимлари томонидан 110/10 кВли «БСИ» нимстанциясида 10 кВли Л-104 ҳаво электр узатиш тармоғидаги носозлик бартараф этилди. Бундай мисолларни ўнлаб келтириш мумкин.
— Аномал об-ҳаво туфайли вилоятимизда аҳолининг суткалик электр энергияси истеъмоли 21 фоизга ошди, — дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Навоий вилояти филиали бош муҳандиси Ойбек Райимов. — Яъни шу кунга қадар бир суткада аҳоли томонидан 2,5 миллион киловатт соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, 12 январь ҳолатига бу кўрсаткич(график асосидаги чекловлар бўлишига қарамасдан) 3,1 миллион киловатт соатни ташкил этмоқда. Бундай шароитда тармоқларда узилишлар бўлиши табиий. Муҳими, филиалимиз тузилмаларидаги омборларда 51 та ҳар хил турдаги трансформатор, 41,6 тонна трансформатор ёғи, 300 дона темир-бетон таянчлар, 3,47 км. сим ва 12,2 км. кабель ҳамда 327 дона унинг муфталари захиралари мавжуд ва ҳар қандай носозликларни бартараф этишга тайёрмиз.
Таъкидлаш жоиз, электр энергияси таъминоти аҳоли кайфиятини белгиловчи омил бўлиш билан бирга ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини таъминловчи манба ҳисобланади. Шу боис таъминотдаги ҳар бир узилишнинг олдини олиш нафақат ижтимоий, балки иқтисодий аҳамиятга ҳам эгадир.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
- Берлинда Наврўз: Янги Ўзбекистон маданиятининг жаҳон саҳнасидаги муносиб тақдимоти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг