Саудия Арабистони BRICSга расман қўшилди

19:33 02 Январь 2024 Дунё
1036 0

Фото: Reuters

Саудия Арабистони BRICS*га расман қўшилди. Бу ҳақда мамлакатнинг “Al Ekhbariya” телеканали хабар берди.

“Қиролликнинг Россия, Хитой ва бошқа давлатларни ўз ичига олган БРИКС иттифоқига тўлақонли аъзолиги расман бошланди, бу эса унинг дунёдаги мавқеини мустаҳкамлайди”, - дейилади телеканал хабарида.

2023 йил 22-24 август кунлари Йоханнесбургда бўлиб ўтган BRICS саммитида Аргентина, Эрон, Эфиопия, Миср, Саудия Арабистони ва БАА 2024 йилнинг 1 январидан бошлаб ушбу иттифоққа қўшилиши ҳақида қарор қабул қилинган эди.

*BRICS (BRICS — Brazil, Russia, India, China, South Africa сўзларининг қисқартмаси) — ўнта давлатдан иборат иттифоқ. Бугунги кунда унга Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка, БАА, Саудия Арабистони, Эрон, Миср ва Эфиопия давлатлари аъзо. Ташкилот 2006 йил июнь ойида Санкт-Петербург иқтисодий форуми доирасида Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой иқтисодиёт вазирлари иштирокида ташкил этилган.

G7 ва BRICS ялпи ички маҳсулотининг жаҳон иқтисодиётидаги улуши асосан, BRICS мамлакатлари ўртасидаги икки томонлама муносабатлар аралашмаслик, тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида қурилган.

2009 йилдан бери BRICSга аъзо давлатлар ҳукуматлари ҳар йили расмий саммитларда (сўнгги 15-саммит 2023 йилнинг 22-24 август кунлари Жанубий Африкада бўлиб ўтган) йиғилишади. Саммитлардан ташқари ташқи ишлар вазирлари, молия вазирлари ва бошқалар даражасида ҳам учрашувлар ўтказилмоқда.

Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Бразилия аҳоли сони, майдони ва ЯИМ бўйича дунёнинг энг йирик ўнталигига киради. BRICSга аъзо мамлакатларнинг умумий майдони 45,726,508 км², умумий аҳолиси эса тахминан 3,41 миллиард кишини ташкил этади. Бу ер юзининг тахминан 26,7 ва дунё аҳолисининг 41,6 фоизини ташкил қилади. BRICS аъзолари бир неча бор энг тез ривожланаётган йирик давлатлар сифатида тавсифланган. 2023 йил август ойи ҳолатига кўра, 40 та давлат BRICSга қўшилиш истагини билдирган, улардан 20 га яқини киришни расман сўраган. 2023 йил августида бўлиб ўтган саммитда Эрон, Саудия Арабистони, Миср, Аргентина, Эфиопия ва БАА 2024 йил 1 январдан бошлаб BRICSга тўлақонли аъзо сифатида қўшилиш таклиф қилингани эълон қилинди.

Аммо Хавьер Милей Аргентинада ҳокимият тепасига келганидан сўнг, у мамлакати BRICSга қўшилишидан бош тортди.

2024 йилнинг 1 январида таклиф қилинган бешта давлат — БАА, Саудия Арабистони, Эрон, Миср ва Эфиопия BRICSнинг расман аъзоси бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?