Сармоя самараси

11:37 26 Февраль 2026 Жамият
141 0

Республикамизда тадбиркорлик фаолияти учун барча шароитлар яратилганлиги, айниқса хорижий ҳамкорлар билан ишлаш учун қулай муҳитнинг мавжудлиги хорижий инвестицияларни жалб этишда муҳим омил бўлмоқда. Андижон туманида фаолият юритаётган “KANS PRINT” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси бунга мисолдир. Бу корхона 2025 йилда 8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция ҳисобига ишга туширилган бўлиб, Америка, Германия ва Хитойда ишлаб чиқарилган энг замонавий техник воситалар билан жиҳозланган.

-Корхонамизнинг ишга туширилиши аҳоли бандлигини ошириш ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришда ижобий натижа бермоқда,-дейди иш бошқарувчи Улуғбек Сатторов. -Мазкур корхонада бир йилда енгил ва автомобиль саноати учун 66 миллион дона ёрлиқлар, қадоқ ва қутилар ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотлар ички бозорда катта талабга эга бўлиб, маҳаллий иш билан таъминлаш даражасини янада мустаҳкамлайди. Корхона фаолияти натижасида 50 та янги иш ўрни яратилди ва бу имкониятлар келгусида ҳам кенгайиши режалаштирилмоқда.

Хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали ташқи савдо салоҳиятини ошириш, ички бозор эҳтиёжини қондириш ва тадбиркорлик муҳитини мустаҳкамлаш муҳим вазифага айланмоқда. Андижон туманидаги ушбу корхона нафақат ички бозор эҳтиёжини қондириб, мамлакат иқтисодиётини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда, балки икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?